ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Тошкентдан Қашқадарёга қатнайдиган енгил автомобилларда йўл кира нархи 120 минг сўмгача кўтарилиб кетди, деб маълум қилди "Даракчи" газетаси Facebookдаги “Водители Ташкента” гуруҳида берилган хабарга асосланиб. Бунга Ўзбекистонда об-ҳавонинг кескин совиши ва қалин қор ёғиши оқибатида автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши чеклангани сабаб бўлди.
Изоҳларда интернет фойдаланувчилари нафақат вилоятларга қатнайдиган таксилар, балки Тошкент шаҳри ичида ҳаракатланаётган таксилар ҳам йўлкира ҳақини кўтариб юборганини маълум қилган. Кимдир бу ҳолатни қораласа, яна кимдир ҳайдовчиларга ён босмоқда.
"Такси қиммат эмиш. Мен эрталаб шахсий ишим билан чиқиб келдим, 2-3 тезликда юрса бўлади фақат. Шунда қанча бензин сарф қилинади, қани биладиганлар бўлса айтсин. Бунақа ҳавода 3 баравар қиммат бўлиши турган гап", дея ҳайдовчининг ёнини олган интернет фойдаланувчисининг сўзларидан иқтибос келтиради газета.