ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Қирғизистонга Япониядан олиб келинган, радиактив заҳарланиш миқдори нормадан юқори бўлган автомобиллар, нурланишдан тозаланади, деб хабар қилмоқда ҳукумат матбуот хизмати. Мамлакат бош вазири Сооронбай Жээнбеков ушбу иш юзасидан таалуқли қарор имзолади.
Бироз олдин Қирғизистон Давлат божхона хизмати "Алмадин-1" микрорайонида "Северная" номли темир йўл божхона постида 183 дона нурланган япония автомобиллари сақланаётгани ҳақида хабар берган эди.
Радиоактив нурланиш миқдори нормаси соатига 0,2 микрозивертдан ошмаслиги керак.
Давлат божхона хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ички Ишлар вазирлиги билан биргаликда нурланган машиналар сонини аниқлаб, уларни "Кыргызжилкоммунсоюз" корхонасининг радиоактив чиқиндилар сақлаш омборига кўчириб ўтказиши керак. У ерда автомобиллар мамлкат қонунлари ва санитария нормаларига кўра дезактивация қилинади, деб хабар қилмоқда Sputnik Кыргызстан.
Ушбу харажатларни қоплаш учун Табиатни муҳофаза қилиш ва Ўрмон хўжалиги агентлигига махсус фонддан маблағ ажратиш белгиланган. Шунингдек, ҳукумат қарорида автомобилларни радиациядан тозалаш тартиби ҳам белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг 11 мартида Япония қирғоқлари яқинида кучли ер қимирлаши ва цунами бўлиб, "Фукусима-1" номли атом электр станциясида авария содир бўлган эди. Фалокат оқибатида АЭСда сақланаётган радиоактив сув ва заҳарланган ҳаво атроф муҳитга тарқалиб кетган. Шундан кейин Япониянинг тахминан 8% ҳудудида радиация миқдори нормадан кескин ошиб кетганини хабар қилишган эди.