ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Озарбайжон миллий фанлар академиясида қошидаги Низомий номидаги адабиёт институтида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Алишер Навоийнинг Озарбайжон адабиётига кўрсатган таъсири муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда "Жаҳон" АА.
Ўзбекистоннинг Бокудаги дипломатик ваколатхонаси, Озарбайжон МФА ва Низомий номидаги адабиёт институти томонидан ташкил этилган "Алишер Навоий ва Озарбайжон адабиёти" деб номланган конференцияда Миллий мажлис фан ва таълим қўмитаси, қўлёзмалар институти вакиллари, таниқли навоийшунослар, шоир ва ёзувчилар иштирок этдилар.
"Озарбайжонда Алишер Навоий Низомий ва Фузулийлар билан бир қаторда туради, унинг асарлари мамлакатимиз тарихчилари томонидан қунт билан ўрганилади, озарбайжон тилига ўгирилган асарларнинг асл нусхалари эса қўлёзмалар институтида кўз қорачиғидек асраб келинмоқда. Таъкидлаш жоизки, бизнинг ижод аҳлимиз ҳам Навоийни Ўзбекистонда севишганидек севишади. Навоийни эъзозлашади ва озарбайжон адабиёти ривожига сезиларли таъсир кўрсатган устоз сифатида қабул қилишади", — деди Озарбайжон миллий фанлар академияси вице-президент Иса Габиббейли.
Конференцияда Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети катта ўқитувчиси, "Ўзбекистон — Озарбайжон" дўстлик жамияти ҳамраиси Гулбаҳор Ашурова "Тарихий қарашлар ва мустақиллик даврида навоийшунослик" маърузаси билан иштирок этди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда атоқли шоир меросини ўрганиш ва унинг асарлари ёшлар орасида оммалашиши борасида қандай ишлар амалга оширилаётганидан воқиф бўлдилар. Буюк шоирга бағишлаб фотоматериаллар, унинг озарбайжон ва ўзбек тилларида нашр этилган китоблари, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган журнал ва рисолалар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
"Фахр билан эътироф этишим мумкинки, Озарбайжонда буюк мутафаккирнинг "Муҳокаматул- луғатайн" асари озарбайжон тилида илк марта 1902 йилда чоп этилган, унинг ижодини чуқур ўрганиш эса 1907 йилдан бошланган", — деди Низомий номидаги адабиёт институтининг озарбайжон-туркман-ўзбек тиллари кафедраси мудираси Алмаз Улви Биннатова.
Конференция маърузачилари Алишер Навоий ижоди ўзбек тилининг ривожланиши, турк адабиётининг шаклланиши ҳамда озарбайжон маданияти ва шеъриятига катта таъсир кўрсатганлигини эътироф этишди.