ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Сайлов қонунчилигига кўра сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш 24 ноябр куни бошланади ва 2 декабр куни якунланади, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, Ўзбекистон Президенти сайловларини ўтказиш учун 9381та сайлов участкаси тузилди, улардан 44таси хорижий мамлакатларда ташкил этилган.
Мамлакатда расман фаолият кўрсатаётган барча тўрт партия томонидан илгари сурилган номзодлар рўйхатга олинган.
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Сарвар Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳатамжон Кетмонов, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Наримон Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.
Иккинчи сентябр куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 78 ёшида вафот этди. Президент вазифасини вақтинча бажариш республика Бош вазири Шавкат Мирзиёевга юклатилди. Президент сайловлари 4 декабр куни бўлиб ўтади.