ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти зудлик билан кенгайишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган, деди ташкилот бош котиби Рашид Алимов Туркиянинг ШҲТга қўшилиш имкониятига изоҳ бераркан.
БМТда журналистларнинг Туркиянинг ШҲТга аъзо бўлиши истиқболлари ҳақидаги саволларига Алимов "Туркия мулоқот бўйича шерик" ҳисобланишини айтди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
"Биз кенгайишга шошилмаяпмиз. Ҳозирда қадамба-қадам, мажбуриятлар ҳақидаги меморандумга мувофиқ Ҳиндистон ва Покистон билан иш олиб бормоқдамиз. Ушбу жараён якунлангач, бу қандай ишлашини кўрамиз. Биз ташкилотни зудлик билан кенгайтиришни мақсад қилмаганмиз. Биз ўз йўлимизда, хотиржам бормоқдамиз. Бизнинг ўз дастуримиз бор ва уни амалга оширмоқдамиз", — деди Алимов.
Илгарироқ Туркия президенти Тайип Эрдўғон ЕИга кириш мамлакат учун ягона йўл эмаслигини, Анқара Россия президенти Путин ва Қозоғистон президенти Назарбоев билан ШҲТга кириш масаласини муҳокама қилаётганини билдирганди.
2001 йилда ташкил этилган ШҲТга Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. 2015 йилда ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш жараёни бошланди. Арманистон, Озарбайжон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка мулоқот бўйича шериклар ҳисобланади.
Алимов "ташкилотга қизиқиш кучайиб бораётганлигини" билдирди.
"Хоҳловчилар кўп. Масалан, Исроил, Миср, Сурия, Украина, Мальдив ва бошқалардан аризалар бор", — деди у.
Алимов Нью-Йоркда Қозоғистоннинг доимий вакиллиги ва ШҲТ котибияти томонидан ташкиллаштирилган БМТ ва ШҲТнинг таҳдидларга қарши курашиш бўйича учрашувида иштирок этди.