ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилган.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов белгилаб берган принципларга амал қилган ҳолда тинчликпарвар сиёсат юритиш, ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш бўлиб қолиши қайд этилган.
Тошкент вилояти улкан иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятга, бой табиий ва инсоний ресурсларга эга вилоят сифатида Ўзбекистон ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг қарийб 15 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 12 %дан зиёди, иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг 10 фоизи, ялпи ички маҳсулотнинг 9,7 %и айни шу вилоят ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон металлургия комбинати, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, "Женерал моторс" компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган автомобиль двигателлари заводи, Янги Ангрен ҳамда Тошкент иссиқлик электр станциялари ва бошқа йирик саноат корхоналари мамлакатимиз иқтисодиётининг локомотивлари ҳисобланади.
Учрашувда Тошкент вилоятининг ушбу улкан салоҳиятидан тўла фойдаланиш, уни янада ривожлантириш ҳақида ҳам сўз юритилди.
Меҳнат фахрийси У.Мирзақулов, "Максам Чирчиқ" акциядорлик жамияти қошидаги маданият саройи директорининг ўринбосари Л.Филиппова, Ангрен шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби директори Н.Ғафурова, Ўзбекистон корейс миллий маданият марказлари ассоциацияси раҳбари В.Пак, Олимпия ўйинлари чемпиони Ф.Ғойибназаров, Бўстонлиқ туманидаги "Бурчмулла" ўрмон хўжалиги директори А.Абдужамилов, Паркент туманидаги "Норчонтол" фермер хўжалиги раҳбари А.Абдуюнусов, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Бекобод шаҳар кенгаши раиси Р.Раҳмонов ва бошқалар мамлакатимиз ривожи ҳар бир соҳада намоён бўлаётгани, одамларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.
Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашишга чақирди.