Ўзбекистонда "ақлли ферма"лар ғояси амалга оширилади

Oбуна бўлиш
Фермерлар телефонларида метеорология маълумотлари ҳамда мевали дарахтлар учун кўрилиши керак бўлган зарур агротехник чоралар кўрсатилган смс-хабарларни олишлари мумкин

ТОШКЕНТ, 22 ноя – Sputnik. Тошкент вилоятида 60та боғдорчилик ва уй хўжаликларини қамраб олувчи тўртта метеостанция ўрнатилади. Бу ҳақда БМТ Тикланиш ва тараққиёт дастури (БМТТД) матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда билдирилишича, савдо-саноат палатаси ва БМТТ ўртасидаги "Ўзбекистон бизнес-форуми (III-босқич)" қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида республикадаги қатор қишлоқ туманларида метеостанциялар ўрнатилади. Мазкур метеостанцияларнинг ўрнатилиши ахборот технологияларини қўллаш, деҳқончилик жараёнларини автоматлаштириш, хўжалик бошқаруви ва режалаштиришини мақбуллаштириш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятида тўртта метеостанциянинг ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, улар 600 гектарга яқин ҳудудни ҳамда унда жойлашган ўртача 60 та боғдорчилик ва уй хўжаликларини қамраб олади.

Томчилатиб суғоришга тайёр дала майдонлари - Sputnik Ўзбекистон
Томчилатиб суғориш тизимларини харид қилган фермерларга имтиёзлар берилди

Фермерлар боғдорчилик соҳасида консалтинг хизматларини тақдим этадиган ҳамкор ташкилот ёрдамида телефонларида метеорология маълумотлари ҳамда олма, шафтоли, гилос ва узум каби мевали дарахтлар учун кўрилиши керак бўлган зарур агротехник чоралар кўрсатилган смс-хабарларни олишлари мумкин. Бундан ташқари, йирик фермер хўжаликларини ўз боғлари ҳудудида метеостанциялардан фойдаланиш бўйича ўқитиш режалаштирилган.

Қуёш батареяларида ишлайдиган метеостанциялар мунтазам равишда вебсайтга ахборот юборади. Фойдаланувчи шахсий кабинетига кириб метеостанцияларни бошқариши, индивидуал параметрларни ўрнатиб, маҳаллий шароитларга созлаши, шунингдек, аввалдан танланган экинлари учун зараркунандаларга қарши курашишга оид профилактика ишларини ўтказиш бўйича тавсиялар олиши мумкин.

Метеорологик маълумотларнинг тўпланиши ва мониторинг қилиниши аниқ ҳудуд учун микроиқлимий шароитларни аниқлаш имконини бериб, агротехнологияларнинг тўғри ва самарали танланишига хизмат қилади.

Ушбу лойиҳа экспертларининг айтишича, метеостанциялардан оқилона фойдаланиш ўсимликлар ҳимояси ва меҳнат учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ ҳаражатларни сезиларли даражада камайтиради. Лойиҳа Жанубий Африканинг "Сасол" компанияси молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Метеостанциялар ўрнатилиши — "смарт фарм" ("ақлли ферма") ғоясини амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадам бўлиб, унда хўжалик, жумладан чорвачилик юритишнинг тўлиқ автоматлаштирилган жараёни кўзда тутилади. Мазкур ташаббуснинг Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ва сифатини ошириш мақсадида ахборот технологияларини қўлланилиши орқали аниқ деҳқончиликни ривожлантириш учун асос яратиши кутилмоқда.

Янгиликлар лентаси
0