ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. "Ата Мекен" фракцияси етакчиси Омурбек Текебаев матбуот анжуманида Алмазбек Атамбаевнинг истеъфоси борасида ташаббус билан чиқишини эълон қилди.
Унинг айтишича, конституциянинг 63-моддасида президент давлат раҳбари вазифасини бажараётган чоғида ўзининг партияга аъзолигини тўхтатиб туриши ва партия фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни амалга оширмаслиги шарт. Ҳаракат дейилганда "ҳар қандай йўл билан билдирилган шаъма ва мақбул топишлар" тушунилади, деди у.
"Афсуски, Атамбаев ўзининг бевосита мажбуриятларини бажармаяпти ва ҚСДП фаолиятида иштирок этмоқда. Февралда бўлиб ўтган партия съездида сиёсий кенгаш ташкил этилиб, унинг таркибига президент атрофидаги шахслар: Фарид Ниязов, Икрам Илмиянов, Кубаничбек Кулматов, Албек Ибраимовлар кирган. Яна бир ҳолат: Атамбаев президент этиб сайланганидан сўнг партия раиси лавозимидан кетган, лекин ушбу лавозим ҳалигача бўш турибди — бу кўп нарсани билдиради", — деди Текебаев.
У президент партия фаолиятида бевосита ва билвосита иштирок этаётгани ҳақида далиллар кўплигини билдирди.
"Бу конституциянинг муҳим бандларидан бирига зиддир. Президент ҳакам бўлиши ва мамлакатда тенг ҳуқуқли сиёсий рақобатни таъминлаши даркор. Афсуски, у ўз вазифасини бажармаяпти. Шунинг учун "Ата Мекен" партияси ашёвий далилларни тўплаш ва улар асосида импичмент жараёнини бошлаш учун хулоса тайёрлаш таклифи билан чиқади", — деди фракция етакчиси.
У март ойигача барча зарур далиллар йиғилиши ва ҳужжат тарзида тайёрланиши режалаштирилганини айтди.
Илгарироқ депутатлар президент Алмазбеком Атамбаев ва "Ата Мекен" мухолиф партияси раҳбари Омурбек Текебаев ўртасида "далиллар уруши" бошланганини билдиришганди.
Октябр ойида газеталардан бирида "атамекенчилар" Омурбек Текебаев, Аида Салянова ва Алмамбет Шикмаматовлар гўёки Southfield Management Inc оффшор компаниясида ўз улушларига эга эканлиги ҳақида хабар пайдо бўлганди. Нашрнинг билдиришича, фирма Қирғизистоннинг собиқ президенти Курманбек Бакиевнинг ўғли Максим номига расмийлаштирилган. Мақола муаллифи улар 2012 йилда кейинчалик акцияларининг ярми 50 миллион долларга сотилган MegaCom компаниясининг мулк ҳуқуқини тиклашда ёрдам беришгани учун ҳақ олишганини ёзган.
Бу хабар 14 ноябр куни Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Абдил Сегизбаев президентга Белиз давлатидан траст ҳужжати олингани ҳақида маълум қилганидан сўнг тасдиқланди. Ҳужжатда қирғизистонлик уч нафар сиёсатчи MegaCom акцияларининг 50 фоизи сотилишига қизиқиш билдиришаётгани айтилган. Президент шу куниёқ бош прокуратурага мазкур маълумотни текширишни буюрди.
Шунингдек, сентябр бошидаги матбуот анжуманида Текебаев давлат раҳбари Қўй-Тош қишлоғидаги Курманбек Бакиевнинг ер участкасида уй қураётганлигини маълум қилди. Бу жой давлат ҳисобига ўтказилмаган ва қўлдан-қўлга ўтиб Атамбаевнинг мулкига айланган, деган у. Бош прокуратура бу масала юзасидан ўз хулосасини берган.