ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. 28 ноябрдан 2 декабрга қадар Аддис-Абебада Номоддий маданий меросларни қўриқлаш бўйича қўмитанинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. Мазкур мажлисда Наврўз байрамини маданий мерослар рўйхатига киритиш таклифи кўриб чиқилади. Бу ҳақда БМТ янгиликлар маркази хабар бермоқда.
Тегишли ариза бир гуруҳ давлатлар — Озарбайжон, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан берилган.
Мажлисда ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига машҳур одатлар ва ижод шакллари — анъанавий қўшиқлар, урф-одатлар ва байрамларни киритиш учун берилган 37 та янги ариза кўриб чиқилади.
Номоддий маданий меросларни қўриқлаш бўйича ҳукуматлараро қўмита Номоддий маданий меросни қўриқлаш ҳақидаги конвенция доирасида ташкил этилган.
Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатидан бугунги кунгача 336 унсур ўрин олган.