ТОШКЕНТ, 21 ноя – Sputnik. РИА Новости. Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd консорциуми "Ўзбекэнерго" АЖ билан Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида иккита иссиқлик электр станцияси энергоблокларини қуриш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Mitsubishi Corporationга таяниб РИА Новости хабар қилмоқда.
"Лойиҳада умумий қуввати 900 МВтга тенг иккита замонавий ва самарали буғ-газ қурилмасига эга бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилиши кўзда тутилган", — дейилади Mitsubishi хабарида. Консорциумнинг қурилиш бўйича ҳамкори Туркиянинг Calik Enerji Sanayi ve Ticaret AS компанияси ҳисобланади.
Шартнома қиймати маълум қилинмаган.
Октябр ойида Mitsubishi Corporation 2015 йилнинг декабрида эълон қилинган иссиқлик электр станцияси учун қуввати 450 МВтдан бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қурилиш лойиҳаси бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлганди. 2013 йил августда "Ўзбекэнерго" томонидан Тўрақўрғон ИЭСнинг умумий қурилиш ишлари бошланган. Лойиҳада йилига 7 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи электростанция қурилиши кўзда тутилган. ИЭС 2020 йилда ишга тушиши режалаштирилган.
Умумий қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган лойиҳанинг 704 миллион доллар миқдоридаги улуши Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), 300 миллион доллари Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт фони ҳамда "Ўзбекэнерго"нинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон энергия тизимида умумий қуввати 12,5 минг МВтга яқин 45та электростанция фаолият кўрсатмоқда. Электр энергиясининг қолган қисми саноат корхоналарининг автоном иссиқлик электр станциялари ва қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидаги кичи ГЭСлар томонидан ишлаб чиқарилади.