ТОШКЕНТ, 21 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон—Британия кенгаши (ССЎБК) ҳамраиси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Барбара Логан Хэйни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайтида хабар қилинди.
Барбара Хэй кенгашнинг 23-мажлисида иштирок этиш учун Буюк Британия бизнес вакилларидан иборат нуфузли делегацияга бош бўлиб Ўзбекистонга келган.
Мулоқот давомида савдо-иқтисодий соҳадаги икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари Ўзбекистон—Британия кун тартиби нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Барбара Хэй Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ССЎБКнинг 23-мажлиси ҳамда Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идораларидаги учрашувлар якунлари тўғрисида сўзлаб берди.
Ҳозирги кунда ССЎБК савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришнинг самарали механизмларидан бири ҳамда икки давлат ишбилармон доиралари ҳамкорлигининг муҳим платформаси ҳисобланади.
Суҳбат давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Учрашувда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Алан иштирок этди.