ТОШКЕНТ, 20 ноя — Sputnik. Тошкентдаги В. Успенский номли республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида "Она юрт оҳанглари" халқаро мусиқа танлови бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" ахборот агентлиги.
Мусиқа танловида Ўзбекистон ва хориж мамалкатларидан келган 12-15 ёшли ва 16-19 ёшли мусиқачилар гуруҳлари иштирок этишди. Қатнашилар дамли, урма торли, мизробли, чертма торли, камонли, урма зарбли чолғуларда юртимиз ва хорижий давлатлар композиторлари асарларини ижро этди.
Иштирокчилар ижросини баҳолашда ижодий маҳорат, мусиқада акс этган фалсафа ва ғояни тингловчига етказа олиш, саҳна маданияти каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.
"Дунёда болалар мусиқа санъатига оид кўплаб танлов ва фестиваллар ўтади. Бироқ "Она юрт оҳанглари" танлови мусиқа воситасида ёшларда ўзи туғилиб ўсган юртга муҳаббат, ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришдек эзгу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир",- дейди россиялик мусиқашунос, танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси Вячеслав Круглов.
Шунингдек Круглов Ижодий беллашув давомида Ўзбекистон ёшларининг истеъдодли, билимга чанқоқ, мусиқа санъатига меҳри баланд эканлиги гувоҳи бўлганини таъкидлади.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Ёш мусиқачилар ижросида концерт намойиш этилди.
Эслатиб ўтамиз ушбу конкурс Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ҳамда Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган. Ушбу конкурс 2014 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.