ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik, Дилшода Раҳматова. 19-ноябрь куни Россиядаги Ўзбекистон Элчихонасида ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди ва ёшларга Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайлови, сайлов тизимини такомиллаштириш борасида эришилган муваффақиятлар ҳамда овоз бериш жараёни ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Элчи, шунингдек, ушбу тадбирда иштирок этганлари учун Ўзбекистонлик талабаларга миннатдорчилик билдирди ва барчани 4-декабр куни овоз бериш жараёнида қатнашишга чорлади.
"Мен барчаларингизни 4-декабр куни элчихонамизда ташкил қилинган 26-сонли сайлов участкамизга ташриф буюришга ва сайловларда қатнашишга чорлайман.Овоз бериш жараёнида иштирок этиб, ўзингиз муносиб деб топган номзодга овоз беришингизни сўрайман. Ўйлайманки, бу билан сиз ўз тақдирингизни ва келажагингизни белгилаб оласиз. Ҳаётимизнинг бунданда фаровон бўлиши сиз ва бизнинг овозимизга боғлиқ", — деб таъкидлади Баҳром Ашрафхонов.
Элчи, ўз чиқишини якунлар экан, Россиядаги ўзбекистонлик талабаларга ўқишларида омад тилаб, ақлли ва Ватанга муносиб авлод бўлиб етишишларига ишонч билдирди.
Тадбир давомида, тўпланганларга хориждаги Ўзбекистон фуқаролари муддатдан олдинги сайловларда иштирок эта олмасликлари ҳақида айтиб ўтилди.
"Президент сайловларида иштирок этмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари 4-декабр куни Москва ва Новосибирск шаҳарларида (Элчихона ҳамда Бош Консуллик биноларида) ташкил қилинган сайлов участкаларига ташриф буюришлари мумкин. Москва шаҳридаги Элчихонада ташкил этилган сайлов участкаси эрталабки соат 06.00дан кечки 20.00га қадар ўз ишини давом эттиради", — деб маълум қилди Спутник Ўзбекистонга Москвадаги Элчихона вакили.