ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Бельгия Бош вазири ОАВларда "казахгейт" деб ном олган сиёсий можарога тўлиқ аниқлик киритишни талаб қилмоқда, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Илгарироқ Бельгия сенатининг собиқ раҳбари Арманд де Декер Паттоҳ Шодиевга жиноий жазодан қутулиб қолишга ёрдам бергани учун Франция ҳукуматидан 740 минг евро олгани ҳақида хабар берилган эди.
"Бу воқеага тўлиқ аниқлик киритилиши лозим, икки маънолиликка ўрин қолдирмаслик лозим", — деб айтган Бельгия Бош вазири. Гап шундаки, Шарль Мишель де Декер билан бирга "Ревормистик ҳаракат" партиясининг ўнг марказчилар коалицияси вакили ҳисобланади.
Нашрда келтирилган маълумотларга кўра, айни вақтда федерал ҳукуматга мухолифатда бўлган олтита партия "казахгейт" иши бўйича текширув ўтказиш учун парламент комиссиясини ташкил қилишни талаб қилмоқдалар.
Бельгиянинг Le Soir нашри ва Франциянинг Mediapart интернет-портали маълумотларига кўра, 2011 йилда де Декер Бельгия адлия вазирига Шодиевдан коррупция бўйича айбловларни зудлик билан олиб ташлашни сўраб босим ўтказган.
ОАВнинг маълумот беришича, де Декер Елисай саройи топшириғи бўйича ҳаракат қилган. Ўша даврда Қозоғистон билан Airbus вертолётлари савдоси бўйича музокаралар ўтказилган. Тахминларга қараганда, Шодиев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга катта таъсир кўрсата олган ва Францияга шартнома тузилишида ёрдам берган.
Келиб чиқиши жиззахлик бўлган миллиардер Фаттоҳ(Патоҳ) Шодиев 1997 йилдан буён Бельгия паспортига эга ва Бельгияда бойлиги бўйича иккинчи ўринда туради. У 1992 йилда тадбиркор ҳамкорлари Александр Машкевич ва Алижон Ибрагимлар билан фойдали қазилмаларни қазиш билан шуғулланувчи Eurasian National Resources (ENR) компаниясига асос солган.
Де Декер 2007-2010 йилларда Бельгия сенатини бошқарган, айни пайтда Брюсселдаги Юккл коммунасининг бургомистри ҳисобланади. У "Реформистик ҳаракат" (MR) партиясининг аъзосидир.