ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Туркия Республикаси президенти Ўзбекистонга келди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
"Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 17 ноябр куни мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 18 ноябрга мўлжалланган.
Туркия Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон учрашуви чоғида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.
"Биз қардош ўзбек халқи билан муносабатларни ривожлантиришни истар эдик. Ўзбекистон томон ҳам биз билан муносабатларни ривожлантириш истагида эканлигини кўриб турибмиз. Ўзбекистонга сафарим давомида ўзбек оғаларимиз билан муносабатларда янги тарих саҳифасини очиш истагидаман", — деб таъкидлаган Эрдўғон халқаро Анқара аэропортида ўтказилган матбуот-анжуманида.