Ўшда Фарғона Савдо-Иқтисодий Форуми бўлиб ўтади

Oбуна бўлиш
Форум иштирокчиларга ўз маҳсулотларининг янада кенгроқ тарқалиши, Фарғона водийси, ЕОИИ ва ЕИ давлатлари бозорларига чиқишлари учун имконият беради

ТОШКЕНТ, 16 ноя – Sputnik. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 17 ноябр куни Фарғона водийси вилоятлари тадбиркорлари иштирокида Фарғона Савдо-Иқтисодий Форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси маълум қилди.

Фарғона Савдо-Иқтисодий Форуми Фарғона водийси тадбиркорлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга бағишланган тадбир бўлиб, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги вилоятлари иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Тадбирдан мақсад водийдаги тадбиркорларнинг имкониятларини аниқлаш ва улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни ўзаро ҳамкорлик орқали Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ҳамда ЕОИИ ва ЕИ давлатларига экспорт қилишдир.

Тожикистон - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонлик ва тожикистонлик тадбиркорлар ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда

Мазкур форум Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари, бизнес-ҳамжамиятлари, халқаро ва маҳаллий ташкилотлари жам бўладиган майдондир. Форум доирасида ҳар бир мамлакатнинг савдо-иқтисодий имкониятлари ва тадбиркорларнинг ҳудудлараро самарали ҳамкорлиги муҳокама қилинади.
Форум иштирокчиларга ўз маҳсулотларининг янада кенгроқ тарқалиши, Фарғона водийси, ЕОИИ ва ЕИ давлатлари бозорларига чиқишлари учун имконият беради.

Мазкур йўналишдаги муҳим вазифалардан бири В2В шаклидаги форум ўтказиш орқали Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида алоқа ўрнатиш, шунингдек, тадбиркорларга ўз савдо ва бизнесларини ривожлантириш учун ҳамкор топишда кўмак беришдир. Форум билан бир қаторда ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади.

Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси вакили Ҳамид Янгибоевнинг маълум қилишича, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари тадбиркорлари Андижон шаҳридан Ўшга жўнаб кетишади. Тадбир қатнашчиларини Ўш шаҳри мэрияси ва Савдо-саноат палатаси вакиллари кутиб олишади.

Янгиликлар лентаси
0