ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik, Антон Курилкин. Москвада бўлиб ўтган "МДҲга 25 йил: Ўзаро тушуниш, ҳамкорлик, тараққиёт" форуми доирасида Sputnik Ўзбекистон мухбири Халқаро ислом миссияси раиси Шафиг Пшихачев билан ислом динига нисбатан таҳдидлар, Россия мусулмонларининг Марказий Осиёдаги диндошлари ҳамкорлиги ва Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олгани ҳақида суҳбатлашди.
— Бугунги кунда ёшлар онгида исломнинг радикаллашувига қарши қандай курашиш мумкин?
— Ёшлар онгига исломнинг ҳақиқий қадриятларини сингдириш даркор. Бугунги кунда ҳар қандай ғояни радикаллаштириш мумкин, ҳар қандай ғояни мутаассибликка етказиш мумкин.
Ислом динидан бугунги кунда исломда қораланган манфур, гуноҳ амалларни бажариш учун фойдаланишмоқда.
Шунинг учун ёш мусулмонлар онгига инсонпарварлик ва тинчликпарварликка асосланган соф исломий қадриятларни сингдириш лозим. Ҳаётнинг асосини ташкил этувчи қадриятларни сақлаб қолишимиз даркор.
Инсон қандай қилиб ота-онасиз яшаши мумкин? Зеро инсон Парвардигор инояти билан оилада дунёга келади. Бугун эса биз анъанавий қадриятларнинг бузилаётганини кўрмоқдамиз.
Биз қўшнилар билан яшаймиз. Исломда қариндошга нисбатан қўшнининг ҳаққи юқорироқ туради. Қандай қилиб бошқа динга эътиқод қиладиган ёки сенинг фикрингга қўшилмайдиган қўшнини йўқ қилиш керак дейиш мумкин? Бу ислом дини эмас!
Террорчилар ўзларининг инсониятга нафрат тўла мафкурасини тарғиб қилиш учун интернетдан фаол фойдаланишмоқда. Биз ҳам исломий қадриятлар ёшлар онгига етиб бориши учун интернетдан фойдаланишимиз даркор.
— Кавказ мусулмонлари бошқармаси Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қиладими?
— Афсуски, ўзаро самарали муносабатлар ва ҳамкорлик ҳақида гапириш қийин. Биз Марказий Осиё давлатларидаги диндошларимиз билан ҳамкорлик қилишни жуда истардик. Лекин айрим ҳолатлар бунга имкон бермаяпти. Умид қиламанки, мен таҳсил олган Бухоро мадрасаси МДҲ давлатлари мусулмонларини бирлаштирадиган ўқув даргоҳи ролини бажаради.
Биз мусулмонлар таълим дастурини ривожлантиришимиз зарур. Бугунги кунда Россия Федерациясида қандайдир таълим тизимига эгамиз. Ўзбекистон ҳам ана шундай таълим тизимига эга ва бу тизим бир поғона юқорида туради. Ўзбек мактаби анънавий, кучли мактаб. Биз Ўзбекистондаги исломий таълимга ижобий қараймиз ва улардан ўрганадиган нарсамиз кўп.
Албатта, ўзаро муносабатлар ва ҳамкорлик борасида қийинчиликлар бор. Лекин бугунги воқелик жараёнида салбий ҳолатларга қарши курашиш учун бирлашишимиз даркор.
— Ўзаро ҳамкорликдаги муаммолар нимада?
— Айрим иқтисодий ва сиёсий сабаблар туфайли Россия Федерацияси билан диндошларимиз ўртасида эркин мулоқот қилиш ва дастурлар, лойиҳаларни амалга ошириш имкони бўлмаяпти. Қозоғистон ва Тожикистон мусулмонлари уюшмалари билан ҳамкорлик қиламиз. Лекин тўлақонли ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Собиқ совет маконида ягона таълим дастурига эга бўлишни истардик, бу бизларни бирлаштирган бўларди.
— Яъни бугунги кунда бутун собиқ СССРнинг мусулмонлари бўлиниб кетган дейиш мумкин?
— Ҳа, шундай дейиш мумкин. Бизни ягона маслак, ўзаро ҳурмат бирлаштириб туради, лекин ўзаро ҳамкорлик мавжуд эмас.
— МДҲ давлатларига ҳамкорликдаги таълим лойиҳалари керакми?
— Тажрибамдан келиб чиқиб жавоб берсам. Мен Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олганман. Ўзбекистон менинг иккинчи ватаним бўлиб қолган, Ўзбекистонга бўлган ҳурматим жуда юқори. Менинг камолга етишим ва инсоний қадриятларни англашим айнан Бухородаги мадрасада таълим олган давримга тўғри келади. Мен мадрасага 17 ёшимда ўқишга кирганман, ўша ердан ҳарбий хизматга кетиб, хизматни ўтаб қайтгач яна ўша ерда ўқишимни давом эттирганман. Ўзбекистон менинг ҳаётимда муҳим аҳамиятга эга. Ҳаётга бўлган қарашларим Ўзбекистонда шаклланган ва ҳаёт сабоғини Бухорода Мир Араб мадрасасида олганман.
Ислом ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларимизни Ўзбекистонга юборадиган бўлсак, улар Мир Араб мадрасасининг қадимий деворларига сингган файздан баҳраманд бўлишади, деб ҳисоблайман. Тошкентдаги мадраса ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Биргаликда таълим лойиҳаларини ишлаб чиқишимиз шарт. Чунки бу ҳаммамиз учун зарур.