ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда бир вақтнинг миллий ва чет эл мусиқаларини ўзида мужассамлаштирган биринчи мусиқий дастур ишлаб чиқилди, деб хабар қилмоқда MyDay.uz.
Мусиқий дастур яратувчиси Жахонгир Маҳкамов айтишига қараганда, ушбу дастур архиви ҳар куни янги қўшиқлар билан тўлдирилиб борилади. Ундан қўшиқларни бир рўйхатга жамлаш ёки уларни дўстлар билан баҳам кўриш имконияти яратилган.
"Ушбу дастурни яратиш ғояси, радиодан бир хил қўшиқларни қайта-қайта эшитиш, доимо у ёки бу қўшиқни қаердан юклаб олсам деб ўйлаш жонга теккан вақтда бошимга келди. Signs, Flyin'Up, Kuk Choy, TR Project каби, янги пайдо бўлаётган талантли артистлар ижоди ҳам менга ёқади. Улар ўз қўшиқларини тез-тез интернетга жойлаштириб туришади. Менимча улар ҳозир Ўзбекистондаги мусиқа сифатини ва мусиқа саноатни ўзгартирмоқда", — дейди Маҳкамов.
Унинг сўзларига қараганда, дунёда кўплаб шундай платформалар ишламоқда. Spotify, Pandora, Google music — шулар жумласидан.
"Muzone — бу мусиқа ҳудуди. Ҳар бир киши учун ўз ўзига хос, биз ҳозир ҳар бир эшитувчининг хохишларини илғашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бизнинг мақсад — Muzone дастурини Ўзбекистонда, энг оммавий бўлган, биринчи дастурга айлантириш", — деди автор.
Ушбу дастур исталган мусиқани эшитиб кўриш имконини беради. Мухлислар янги чиққан альбомни эшитиб кўриб, ёқса уни телефонларига юклаб олиш имконига эга. Бироз вақтдан кейин фойдаланувчиларга ўз "севимли" қўшиқларини танлаш ва "қўшиқлар рўйхати" тузиш имкони пайдо бўлади.
Мусиқа яратувчилари ва хонандалар ушбу дастур ва онлайн платформа орқали ўз қўшиқларини нафақат реклама қилишлари, балким уларни қонуний равишла сотиб пул ишлашлари мумкин.
“Биз мусиқачиларга ҳар бир эшитилган қўшиқ учун пул тўлаймиз. Қўшиқ қанча кўп эшитилса, артистлар иш ҳақи ҳам шунча ошади. Биз билан ҳамкорлик қиладиган артистлар билан буларнинг ҳаммаси келишилган. Хонанда розилигисиз ҳеч қандай қўшиқ Muzonга қўйилмайди”, — дейди дастур яратувчиси.
Ушбу дастурнинг бошқалардан асосий фарқи шундаки – унинг катта қисмини чет эл мусиқаси ташкил қилади. Бугунги кунда Ўзбекистон интернетида мавжуд бўлган бошқа аксарият дастурлар ўзбек мусиқасга “ихтисослашган”. Дастурни Appstore, Google Play ёки muzone.uz саҳифаларидан юклаб олиш мумкин.