ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Россияга ишлаш учун келаётган чет эл фуқаролари маҳаллий аҳолидан кўра икки баравар кўпроқ сил касалига чалинмоқда, деб хабар қилмоқда Россия Туберкулезни ўрганиш илмий-текшриш институти.
Статистик маълумотларга кўра, Россияга ишлаш учун келган фуқаролар сони 10 миллиондан ортиқ. Улардан аксарияти МДҲ мамлакатлари фуқаролари ва ярмидан кўпи Ўрта Осиё мамлакатлари фуқаролари. Меҳнат мигрантлари орасида Ўзбекистон фуқаролари 20 % ни ташкил қилади.
Илмий текшириш институти маълумотига кўра, охирги йилларда меҳнат мигрантлари орасида сил касалига чалиниш ҳолатлари маҳаллий аҳолига нисбатан 2,5 баравар кўп учрамоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) 2013 йилда ўтказган тадқиқотига кўра 100 минг аҳоли сонига туберкулез билан касалланиш ҳолати Россияда — 63 киши, Ўзбекистонда — 80 киши, Украинада — 96 киши, Тожикистонда — 100 киши, Қирғизистонда — 141 киши, Молдовада — 159 киши тўғри келган.
Ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики туберкулез учраши тасодифи турли мамлакат фуқаролари орасида турли хил. Лекин Россияга келган мигрантлар қурилшларда, ётоқхоналарда кўп ҳолларда кичик майдонда турли миллат вакиллари биргаликда зич яшайди. Кўп ҳолларда улар сифатли овқатланмайди ва санитария гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилинмайди. Устига устак, бирор жойи оғриганда ҳам тиббий ёрдам учун мурожаат қилишга шошилмайди, — уйга бориб даволаниб оламан деб ўйлайди.
Айнаш шундай яшаш шароити туфайли, бир кишида бор бўлган юқумли касалликнинг бошқаларга ҳам тез тарқалиши ва ривожланишига сабаб бўлмоқда.
Охирги йилларда киритилган "патент" тизими туфайли мигрантлар ҳар йили мажбурий флюорография ва бошқа тиббий анализлардан ўтиш мажбурий тартибда белгиланди. Ундан ташқари мигрантлар учун махсус тиббий суғурта ишлаб чиқилди. Ушбу суғурта барча тиббий харажатларни қопламасада шошилинч тиббий ёрдам ва оғир касалликлар хавфидан сақлаш каби тиббий хизматларни ўз ичига олган.
Россия қонунчилигига кўра, меҳнат мигрантида сил, ВИЧ инфекцияси ёки бошқа оғир юқумли касаллик борлиги аниқланса, унга ишлаш ҳуқуқи берувчи "патент" берилмайди ва у Россия ҳудудини тарк этишга мажбур бўлади.