ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Zarqaynar миллий санъат марказида модалар намойиши — "Олтин куз" The Fashion-show бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради NUZ.UZ.
Кўргазмада дизайнерлар миллий ва болалар коллекцияларини намойиш этишди. Болалар либослари коллекцияларидан бири "Болалар урушга қарши" деб номланди.
Катталар ер талашишганда, кўпинча ҳеч қандай айби йўқ болалар жабр кўришади. Биз янгиликлар орқали тез-тез Сурия ва Украинада мактаблар ва болалар боғчалари ўққа тутилаётгани, дунёнинг турли мамлакатларида террорчилик ҳужумлари содир бўлаётгани ҳақида биламиз, деб ёзилади сайтда.
Ўзбек дизайнерлари мазкур коллекция орқали болаларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлаётган урушларни тўхтатишга чақирдилар. Модельерлар ўғил болалар ва қизлар учун камуфляж рангидаги кийимларни яратдилар ва уларни пушти гуллар ва безаклар билан безадилар.
Бундан ташқари, лойиҳада миллий услубдаги коллекциялар ҳам намойиш этилди. Бу йўналишда GULIM бренди "Олтин қум", К.Беҳзод номли миллий рассомлик ва дизайн институтининг ёш дизайнерлари Роза Жуманиёзова ва Мадина Пўлатовалар "Шарқ акс-садоси", дизайнер Камола Холбекова "Куз таровати", XonQizi "Абадий севги" коллекцияларини намойиш қилдилар.