ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Тошкентдаги "Mehr va Oqibat" жониворларни ҳимоя қилиш жамияти IV "Жониворлар кийим эмас" номли халқаро тадбирга қўшилишди. Ушбу мавзуга бағишланган учрашув коворкинг-центрда бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Новости Узбекистана" саҳифаси.
Учрашув бошида тадбир ташкилотчилари жамият аъзоларига "Жониворлар кийим эмас" мавзусида бир не видеолавҳалар намойиш этишди. Кейин эса бугунги кунда қимматбаҳо мўйналар қандай йўллар билан топилаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди.
"Масалан, бир дона пўстин тикиш учун 20 та тулки ток билан ўлдирилади, ё 60 та норка газ билан заҳарланади, ёки 9та қундуз сувга чўктирилади, ё бўлмаса 100 та олмахоннинг бўйни синдирилади", — дейилган гуруҳнинг Facebookдаги саҳифасида.
Қизиғи шундаки, бугунги кунда дўконларда сотилаётган шубаларнинг асосий қисми — ноёб ҳайвонлар мўйнасидан эмас, балким яхши шилов берилган ит ва мушуклар терисидан тикилади. Ушбу ҳайвонлар қаерда тутилган қиндай ўлдирилганини ишлаб чиқарувчи билади холос…
"Пўстин (шуба) — бу ўлик ҳайвонлар мозори. Ҳақиқий аёл мозор кийиб юрмайди", — деб машҳур француз актрисаси Бриджит Бордонинг сўзларини келтиради тошкентлик ҳимоячилар.
Замонавий одамга, мўйна пўстин кийиб юришга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ, ахир биз, қадим замонлардагидек, ғорда яшамаймизку. Бугунги кунда сунъий мўйна ва терилардан тикилган кийимлар жуда кўп. Ҳайвонларни қийнаб ўлдирмасдан ҳам чиройли кийиниб юрса бўлади.