ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Бугун буюк рус ёзувчиси Фёдор Достоевский таваллуд айёмининг 195 йиллиги нишонланмоқда. Айнан Достоевский замонавий кишини безовта қилаётган муаммоларни, ҳар биримизни қийнаётган кундалик ташвишларни XIX аср ўрталаридаёқ белгилаб берган эди.
Спутник нашри Достоевскийнинг ҳозирги замонда тутган ўрни ҳақида атоқли олим, профессор, Достоевский жамғармаси президенти Игорь Волгин билан суҳбатлашди.
Идеализмнинг акс томони
— Бугунги дунё учун Достоевскийнинг долзарблиги нимада?
— Булгаковнинг бир қаҳрамони: "Одам кам ўзгарган", деб айтган. Демак, одам кам ўзгарган экан, Достоевский эса инсон табиати ҳақида ёзганини инобатга оладиган бўлсак, Достоевскийгача ва ундан кейинги одам — икки хил дунё дегани. Негаки, Достоевский инсонга бунга қадар билмаганлари ҳақида билиб олишга имкон беради. Достоевский томонидан инсоният учун кашф қилинган билимлар ҳозирга қадар ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.
— Бу қандай билимлар экан?
— Достоевский, нафақат 19 асрнинг 40-80 йиллари, яъни ўзи яшаб турган даврдаги ҳолатлар, руҳ кўчиши ҳақида ёзиб қолдирган. Унинг ижоди инсоният, жумладан, рус кишиси табиатига ҳам тегишли.
Унинг қаҳрамонлари ҳар қандай шароитда, улар ўзлари ҳоли бўлганида ёхуд суҳбатларда ҳам жаҳон саҳнасида рол ижро этаётгандек гўё.
У томонидан тилга олинган нарсалар панд-насиҳат тарзида эмас, балки бадиий контекстда айтилади. Сизу-биз буларнинг барчасини бугун ҳам бошимиздан ўтказмоқдамиз. У инсон мавжудлигининг асосий лаҳзаларини ва ёвузлик табиатининг кўп жиҳатларини аниқлаган.
— Бу ерда қандай ёвузлик ҳақида гап бормоқда?
— Достоевский иделизмнинг иблисона кўринишини аниқлашга муваффақ бўлган. Идеализм соф ҳолатда нимага олиб келиши мумкинлигини кўра билган, инсон қалбининг ички томонларини "ёриб" кўрган.
Достоевскийнинг барча романлари — бу рус кишиси тақдири, Россиянинг мақсад-вазифаси ҳақида сюжет деб айтиш мумкин. Яъни Россиянинг тақдири қандай кечиши, унинг жисмоний ва маънавий табиати қандайлиги ҳақида. Ва ушбу саволлар ҳозирга қадар очиқлигича қолмоқда. Чехов Суворинга рус адабиёти ҳеч қандай саволларга жавоб бермайди, деб ёзган. Бунда, муҳими шуки, рус адабиёти ўша саволларни тўғри қўя билишида. Жавоб топиш эса — бу бизнинг вазифамиз.
— Достоевский бизнинг замонимизда яшаганида, нима бўларди?
— У бирон бир нарсага бошқача қараган бўларди, деб ўйламайман. Ҳа, у ўз даври билан чамбарчас боғланган бўлган, лекин аксарият ҳолларда биз яшайдиган даврни ҳам кўра олган. "Ёзувчи кундалиги"да у шундай ҳолатни келтириб ўтади: болқон уруши бормоқда, ва аллақаердадир турклар тирик одамлардан терисини шилиб олмоқда.
Достоевский, 20 асрда рўй берган ўша қўрқинчли вазиятлар, яъни одамларнинг терилари ёппасига шилиб олина бошланишини олдиндан кўра билган. У қандайдир қўрқинчли давр, ҳалокат рўй беришини олдиндан сезган. Ўз ўлимидан бир неча йил олдин Фёдор Михайлович: "Россия аллақандай финал нуқтаси устида турибди, у тубсизлик устида чайқалмоқда", деб ёзган.
Айтиш жоизки — тубсизлик устида чайқалмоқ — Россиянинг умумий статик ҳолатидир. Ва, Достоевский ушбу ҳолатни пайқай олган.
- Айтингчи, Достоевскийнинг "иблис"лари ўтган асрда қолиб кетдими? Ёинки улар қайта тирилиши мумкинми?
— XXI аср кириб келаётганда, ҳаммамиз: "XX аср Достоевский асри бўлган эди, XXI асрда ҳаммаси ўзгаради, жойидан силжийди", деб ўйлаганмиз. XXI аср Достоевский асри бўлмайди, бошқа манфаатлар, мақсадлар келади, деган фикрда бўлганмиз. Мана, марҳамат, нимани кўриб турибмиз? Бугунги кунда нимага талаб кучли? Достоевсий матнларига! Сабаби, улар бизга XXI асрда рўй бераётган воқеалар ҳақида хабар бериб туради. Бу борада у сира ҳам эскирмаган. Сира ҳам!
Шу боис, ўйлашимча, яъни балки бахтимизга ёки аксинча, XXI аср ҳам Достоевский асри бўладими, деб қўрқаман. Шу боис ҳам у барча тириклардан тирикроқ. Унинг матнлари ўликмас. Унинг мероси жонсизмас. Ва бизнинг келажагимиз — ушбу меросни қандай қилиб ўзлаштиришимиз ва тушунишимизга боғлиқ.