ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Дунёнинг энг машҳур актёрларидан бири бўлган Жеки Чан Россия ва Хитой киноижодкорлари томонидан суратга олинаётган "Хитойга саёҳат" картинасида суратга тушмоқда, деб хабар қилмоқда РИА Новости. Жеки Чан бу ҳақда Москва шаҳрида бўлиб ўтган Хитой киноси фестивали очилиш маросимида айтиб ўтган.
"Россияда жуда кўп мухлисларим бор экан. Мен бундан бағоят хурсандман. Айни вақтда Хитойда Хитой-Россия томонидан суратга олинаётган ҳамкорликдаги фильмни суратга оляпман. Картина "Хитойга саёҳат" деб номланади", — деган Жеки Чан.
Актёр, шунингдек, ушбу картинада Арнольд Шварценеггер билан биргаликда суратга тушаётганини қўшимча қилган. Хабарларга кўра, ушбу картинага Россиянинг кўплаб таниқли актёрлари жалб қилинган.
Жеки Чаннинг сўзларига қараганда, у Россияда бир оз совқотган. "Яхшиямки иссиқ курткам бор экан. Ҳозир ҳаммаси "ок", — дея Россия ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди актёр.
Россиядаги Хитой киноси фестивали 8-27 ноябр кунлари Москва ва Ростов-Донда ўтказилади. "Хитой киноси фестивали маданият ва кинематография соҳасида иккиёқлама алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган". — деб таъкидланган хабарда.