ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистон халқ шоири, Халқ қаҳрамони Абдулла Орипов танаси ҳали ҳам Ўзбекистонга олиб келинмаган.
Илгарироқ, шанба куни эрталаб вафот этган Абдулла Орипов жасади солинган темир тобут душанба куни кечқурун тўққизларга Ўзбекистонга етказиб келиниши хабар қилинган эди.
"Абдулла Ориповнинг жасади ортилган самолёт АҚШдан Ўзбекистонга 7 ноябрь куни кечки соат 20:00да қўнади. Бугун кун бўйи Дўрмонда, буюк устоз Абдулла Орипов хонадонида бўлдим. Келиб кетувчи биродарларимизни устознинг туғишган акаси Абдураззоқ ака, Абдулла аканинг синглиси Бибисора опа ва қизлари Шоирахон ва Юлдузхон кутиб олмоқда. Устознинг қариндош-уруғлари, дўсту-биродарлари мотам саросимасида. Қайғу аламдан барчанинг боши эгик. Ичкаридан Юлдузхоннинг фарёди эшитилади. Унсиз кўз ёш тўкканларнинг сукунатига чидаб бўлмайди. Оғриқдан дил ўртанади, деб ёзган эди ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида шоир Муҳаммад Исмоил.
"Бу жудоликка Қандай чидайин? Энди қандай нафас оламан?…меҳрибоним, чиройли отажоним энди йўқлар, бу дунёда йўқлар….мени ташлаб кетдилар". Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипованинг ижтимоий тармоқда отасининг вафоти сабаб ёзган юқоридаги сўзлари ҳам киши қалбини ларзага келтиради.
Хабарларга кўра, шоир тошкентликлар орасида "коммунист-мозор" деб аталадиган Чиғатой қабристонида дафн этилиши режалаштирилган.
Ижтимоий тармоқларда шунингдек, қуйидаги шеър тарқалмоқда.
МЕНИ ОЛИБ КЕТИНГ
Тинч эди ҳамма ёқ, тинч эди ҳар ён,
Титради гўёки ер билан осмон.
Бошимга хасталик тушди ногаҳон,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.
Иссиқ жон, дейдилар, жон бўлса бўлар,
Пайт келса чечак ҳам сарғаяр, сўлар.
Ким билгай паймонанг қай ерда тўлар,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.
Гинам бор бу юртнинг на ҳавосидан,
Меҳрибон докторнинг на давосидан.
Қайтарманг хастани муддаосидан,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.
Шаънимга ғаюрлар бир сўз демасин,
Ҳар ким ўзи тортар умр кемасин.
Ҳеч кимни муштоқлик дарди емасин,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.
Талпинган диёрим, у – Ўзбекистон!
Сеҳрини айтишга бор ҳеч имкон!
Йўқ, ўзга юртларда беролмасман жон,
Мени олиб кетинг ўз диёримга!
(Шеър Зарифа Орипованинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди)
Вести.уз нашри тарқатаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон халқ шоири билан видолашув 9 ноябр куни Тошкентдаги Чиғатой қабристонида бўлиб ўтади. "Бу қарор шоирнинг қариндошлари ва яқинлари томонидан қабул қилинган", — дейилади хабар матнида.