ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. "Ўзбекистон адабиёти оғир жудоликка учради. Куни кеча халқимиз ўзининг яна бир улуғ фарзандидан ажради", — деб сўз ёзди ўзининг Instagrammдаги саҳифасида Лола Каримова.
"Абдулла Орипов бизнинг ғуруримиз, фаҳримиз эдилар. Бу инсоннинг шеърлари билан катта бўлдик, улғайдик, тарбия олдик. Ёшлигимиздан бизни эзгулик томон ўз шеърлари билан етаклаб борган севимли шоиримиз эдилар.
Шоирнинг "Хайр энди", "Ёлғизлик", "Савоб", "Қассам дарра", "Онажоним", "Дунёни қизғанма", "Сен Пушкиннинг севган малаги…", "Баҳор" каби шеърлари, "Жаннатга йўл" каби поэмалари халқимиз қалбини абадул абад забт этди", — деб сўзини давом эттирди Лола Каримова.
Шоирнинг ўзбек адабиётида тутган ўрнини юқори баҳолаб, Лола Каримова "У замонамизнинг Навоийси, Абдулла Қодирийси эди. Абдулла аканинг оилаларига чуқур таъзиямизни билдирамиз. Жойлари жаннатдан бўлсин. Оҳиратларини меҳрибон Парвардигор обод қилсин", — деб сўзини якунлади.
Абдуллар Орипов нафақат ўзбек шоири балким Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг яқин дўсти эди. Ислом Каримов вафот этганда у шундай сатрлар ёзган эди: "Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди, Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим."