ТОШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев 3 ноябр куни мансабдорларга фуқароларни ҳар куни қабул қилишни буюрган эди.
Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмий сайтида эса вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сайёр қабулни 1 ноябрдан бошлаб юборгани хабар қилинган.
Маълум бўлишича, Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Азамат Самиев Ургут-Қоратепа йўналишидаги давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 18 километри таъмирталаб бўлиб қолгани, оқибатда ҳайдовчилар автоуловларини бошқаришда қийналишаётгани, ўз ўрнида бу ҳолат йўловчилар ва шу ҳудудда яшовчи аҳоли учун ҳам қатор ноқулайликларни келтираётганини айтиб, вазиятни ўнглашда кўмак сўраган. Вилоят ҳокими мазкур муаммони ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан мутасадди идоралар вакилларига аниқ топшириқ берган. Ўз ўрнида соҳа раҳбарлари ушбу йўлни 2017 йилда таъмирлашга киришишларини билдирганлар.
"Бизнинг Бешкон маҳалламизда уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларга маиший хизмат кўрсатиш мақсадида ўн кишилик ҳаммом ва сартарошхона қуришим учун имтиёзли кредит ажратишда ёрдам беришингизни сўрайман. Бундай иншоот қурилиши маҳалламиз аҳли учун ажойиб туҳфа бўларди", — деб ёрдам сўраб мурожаат қилган тадбиркор Зоҳида Элмуродова. Ушбу мурожаат ҳам жойида ижобий ҳал этилган. З.Элмуродовага бепул лойиҳа ва банкдан 200 миллион сўм миқдоридаги 7 %ли кредит ажратиладиган бўлган.
Туманнинг Қуйи Алгар маҳалласида яшовчи онахон Муҳтарам Ашурова турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди ногирон экани, моддий шароити оғирлигини айтиб, кўмак сўраган. Натижада шу куннинг ўзида "Ҳамкорбанк" вилоят филиали жамоаси онахонга бир бош она-бола сигир туҳфа этган.
"Халқимизнинг табиати шундай: ҳеч ким бирор идорага бесабаб келмайди, мажбур бўлмаса муаммосини ошкор қилмайди. Кимдир давлат ҳокимияти ёки бошқаруви органига келдими, демак, уни қандайдир савол ёхуд масала ўйлантираётган бўлади. Шуни ҳисобга олиб, ҳар бир раҳбар одамларни тинглай билиши, уларнинг кўнглига қулоқ тутиши шарт. Бу унинг асосий вазифаси, бурчи ҳисобланади", — деди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.
Хабарда айтилишича, сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларига оид ўттизга яқин муаммоли масалалар тингланган. Уларнинг 12 таси шу ернинг ўзида ҳал этилган. 5 та масала бўйича тегишли идоралар раҳбарларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинган. Шунингдек, айрим саволлар бўйича зарур тушунча ва тавсиялар берилган.