ТОШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур мода ҳафталиги олдидан матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
Ўзбекистон либос дизайнерларининг ижод намуналари, нафис ва бетакрор миллий матоларимиз хорижий давлатларда ўтказилаётган мода намойишларида юксак эътиборга сазовор бўлмоқда. Мода ҳафталигида Италия, Полша, Латвия, Хитой, Жанубий Корея, Кувайт каби давлатлардан мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда.
Ёш дизайнерлар намойиши мода соҳасида изланаётган йигит-қизлар учун ўз салоҳияти, илк ижодий қадамларини намойиш этиш учун қулай имконият бўлса, муаллифлик кўригида юртимиз ва хорижнинг моҳир дизайнерларининг энг яхши коллекцияларидан баҳраманд бўлиш мумкин. Ҳафталик тадбирларидаги коллекцияларни томошабинлар эътиборига ҳавола этишда юртимизнинг барча ҳудудларидан ёшлар иштирок этади.
Маҳаллий ва хорижий мода мутахассисларининг маҳорат сабоқларида ёш дизайнерларнинг дидини юксалтириш, кўркам либослар яратиш, уларни кенг омма эътиборига ҳавола этиш жараёнига тўғри ёндашувни шакллантириш каби жиҳатларга катта аҳамият қаратилади. Ҳафталик дастуридан ўрин олган Миллий либос фестивали мамлакатимиз дизайнерлик соҳасида изланаётган истеъдодларга бой эканини иштирокчиларига яна бир карра намоён этади.