ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Тожикистон жиноят кодексига Эмомали Раҳмонни ҳақорат қилганлик учун жазо белгиловчи қўшимча киритилади, деб хабар беради Sputnik Тожикистон.
Жиноят кодексига тузатишлар киритиш тўғрисидаги ҳукумат фармони 13 октябр куни Эмомали Раҳмон томонидан имзоланди.
"Тожикистон жиноят кодексига тинчлик ва миллий бирлик асосчиси, миллат етакчисини омма олдида ҳақорат қилганлик ёки бўҳтон уюштирганлик учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи модда киритиш таклиф этилди", — дейилади ҳукумат фармонида.
Шунингдек, интернет, ижтимоий тармоқлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилганлик учун ҳам жавобгарлик кўзда тутилади.
Тожикистон жиноят кодексига кўра, республика президентини ҳақорат қилганлик ёки унинг шаънига бўҳтон уюштирганлик учун айбланувчи беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилади. Октябр охирида депутатлар конституцион қонунга "Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат етакчиси" мақомини киритишни бир овоздан маъқуллашганди. Улар ушбу қонунга бир нечта тузатиш киритдилар, тузатишлардан бирида Раҳмон мустақил Тожикистоннинг асосчиси деб эътироф этилади.