ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik, Мария Шелудякова. Москва ҳукуматининг шаҳардаги хиёбонлардан бирига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини бериш ҳақидаги қарори Ўзбекистонга нисбатан дўстлик белгиси ҳисобланади, бироқ айрим москваликлар бу қарорни ижобий қабул қилишмади.
Ўзбекистон элчихонаси яқинидаги Большая Полянка кўчасидаги хиёбон Ислом Каримов номи билан атала бошланди. Илгарироқ Москва мэри сайтида Россия ва Ўзбекистоннинг фан ва маданият арбоблари мана шундай таклиф билан чиққанликлари хабар қилинганди. Sputnik мухбири Большая Полянка кўчасидаги 39- ва Казачий переулок кўчасидаги 13-уйлар орасида жойлашган Ислом Каримов хиёбонида бўлиб, пойтахтликларнинг бу борадаги фикрларини билишга қизиқди.
Бу Москва марказида жойлашган, шаҳардаги ўнлаб хиёбонларга ўхшаб ҳеч нарсаси билан ажралиб турмайдиган оддий хиёбонлардан бири. Хиёбонда дарахтлар ва улар остида скамейкалар бор холос. Бироқ тез орада ҳаммаси ўзгаради – хиёбон ўртасида Ўзбек етакчисига ёдгорлик ўрнатилади, хиёбоннинг ўзи эса ободонлаштирилади.
Аксарият шаҳарликлар бу номланиш асосга эга, чунки хиёбон яқинида Ўзбекистон элчихонаси жойлашган деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, мухбир сўровида қатнашганларнинг айримлари икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни юқори баҳолашди. Аммо хиёбонни рус адабиёти ёки сиёсат вакили номи билан аташ лозимлигини айтганлар ҳам топилди.
"Ислом Каримов, шубҳасиз етук сиёсат арбоби. Лекин у кишининг бу ерга қандай алоқаси борлигини тушунмадим", — деди ўткинчилардан бири.
Ўлкашунос, "Архнадзор" жамоатчилик ҳаракати координатори Константин Михайлов буни шундай изоҳлади.
"Шаҳарликлар ном бериш муҳокамаларида иштирок этишмайди, — деди Константин Михайлов. — Улар шунинг учун бундай ҳолатларга салбий фикр билдиришади. Турли хизмат ва порталлар орқали сўровнома ўтказиш, овоз беришни ташкил қилиш мумкин эди. Акс ҳолда бундай салбий фикрлар келиб чиқаверади".
Москвашунос Сергей Кайдашев ўз навбатида бу масала сиёсий характер касб этишини ва бунга Россия-Ўзбекистон муносабатлари нуқтаи назаридан қараш кераклигини таъкидлади.
"Хиёбон, парк, кўча ва майдонларни Россия пойтахтига бевосита алоқадор шахслар номи билан аташ яхшимас. Лекин бошқа томондан Москва замонавий Россия ҳаётининг қомусига айланган шаҳардир, — деди Кайдашев. — Москвадаги кўплаб кўча ва майдонлар хориж сиёсатчилари номи билан аталади. Кўчалар Москва тарихи билан боғлиқ ҳолда номлангани яхши, лекин бугунги кунда янгича қарашлар пайдо бўлмоқда".
Бунинг устига, деди ўлкашунос, юридик масала ҳам бор. Қонунга кўра кўча ёки майдонни тарихий шахснинг номи билан аташ учун унинг вафот этганига ўн йилдан ошган бўлиши керак, деди Кайдашев.
"Лекин менимча кўча ва хиёбонларни номлаш тарих соҳасидан сиёсат соҳасига ўтмоқда", — деди у. — Ислом Каримов Москва билан бевосита боғлиқ эмас, лекин, Россияга ташрифлари чоғида элчихонада бўлган. Мана шу факт ҳал қилувчи ролни ўйнаган бўлса керак".
Россия давлат гуманитар университетининг сиёсий социология кафедраси доценти Максим Артемьев ҳам ушбу қарорнинг қабул қилиниши сиёсат, Россиянинг Ўзбекистон билан дўстлигини мустаҳкамлаш зарурияти билан боғлиқ эканлигини билдирди.
"Истиқболда Москва аҳолисининг бу қарорга нисбатан кескин қаршилиги кутилмайди. Братеево метро станцияси номи Олма-Ота шаҳри номига ўзгартирилганида ҳам норозилик билдирилмаган. Бу аҳоли ўртасида норозилик уйғотадиган ёки жамоатчилик мунозарасини келтириб чиқарадиган хабар эмас", — деди Артемьев.
Ислом Каримовга аталган ёдгорлик ўрнатиладиган жой билан танишиш учун Москвага бир гуруҳ ўзбек ҳайкалтарошлари етиб келишди. Ўзбекистон томонидан Москвага тақдим этиладиган ёдгорлик варианти республика ҳукумати ва марҳум Президентнинг оила аъзолари иштирокида танлаб олинади.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2 сентябр куни вафот этди ва ўзи туғилиб-ўсган Самарқанд шаҳрида дафн этилди.