ТОШКЕНТ, 1 ноя – Sputnik. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда яшаш турар жойларини лойиҳалаш, қуриш ва жиҳозлаш бўйича янги санитария қоидалари ва меъёрларини қабул қилди, деб хабар бермоқда ut.uz.
Унда айтилишича, уй-жой қуришда ногиронлар аравачасида ҳаракатланадиганларнинг уйга кириб-чиқиши ва яшаши учун шароитлар яратиш, бинолар ичида ва ташқарига зарарли ёки ўткир ҳид ажратадиган моддаларни бартараф қилиш, шунингдек, ичкари ва ташқаридан ортиқча иссиқлик тўпланишига йўл қўймасликка эътибор бериш лозим. Бино сояси қўшни ҳовлини қоронғи қилиб қўймаслиги, табиий ҳаво айланишини тўсмаслиги, ҳаво намлиги ва ҳароратига таъсир кўрсатмаслигини инобатга олиш даркор.
Вазирлик шунингдек, шовқин, вибрация, электромагнит тўлқинлари, радиочастоталарнинг меъёридан ортиқ бўлмаслигини кераклигини тавсия қилмоқда.
Уй-жойларни ёз мавсумида радиацион исиш манбаи бўлган бетон, темир-бетон, силикальцит ва бошқа шунга ўхшаш хом ашёлардан қурмаслик тавсия этилмоқда.
Энг яхши қурилиш материали сифатида ғишт кўрсатиб ўтилди.