ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik, Ксения Набаткина, Антон Курилкин. Ўзбекистон терма жамоаси ва Москванинг "Локомотив" клуби ҳимоячиси Виталий Денисов Twitterда журналистлар ҳақида фикр билдирганидан кейин боши ғалвада қолди.
Sports.ru порталидаги "Узбекская кухня" блоги муаллифи Евдоким Раимовнинг Sputnik Ўзбекистонга айтишича, унинг миллий терма жамоа статистикасини ёритиб борувчи сайтлардан бирининг ёпилиши ҳақидаги фикрига жавобан Денисов Twitterдаги аккаунтида "мен ҳозирча Ўзбекистонда ўта саводли журналистни учратмадим! Ким нима деса десин бу факт!!! Ҳамма ўзига маъқулини ёзади" деган.
Бу фикр Ўзбекистон журналистлари ва футбол мухлислари орасида норозиликларга сабаб бўлди, ижтимоий тармоқларда қизғин баҳслар бошланди. Кимдир футболчининг гап-сўзларини, яна кимдир унинг ўйинини танқид остига олди.
"Қизиқ замонда яшаяпмиз: бизнинг футболчиларимиз ўта саводли журналистни учратишмайди, бизнинг термамиз мураббийлари эса ўта кучли футболчиларни учратишмайди! Аслида эса Ўзбекистонда ҳар икки тоифадагилар бўлса-да", — деб ёзди журналист Бобомурод Абдулла ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
Виталий Денисовнинг айтган сўзлари ҳаттоки Ўзбекистон футбол федерациясини бу борада баёнот билан чиқишга мажбур қилди. Федерация расмий сайтида бу ҳолат жиддий хавотир уйғотганлиги билдирилди.
"Ўзбекистон терма жамоаси Виталий Денисов билан боғлиқ ҳолатни синчковлик билан кузатиб бормоқда ва футболчининг твиттер орқали ёзган фикри ОАВда кенг муҳокама қилинаётганидан хавотирда эканини билдиради. Айни пайтда Ўзбекистон футбол федерацияси вазиятни тубдан ўрганмоқда ҳамда футболчи билан тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилади",- дея баёнот берди федерация.
Федерация шунингдек футбол оммасидан вужудга келган тушунмовчилик бўйича чуқурлашмасликни сўради ҳамда 15 ноябр куни Жанубий Кореяга қарши ўйин бўладиган муҳим ўйин арафасида ҳаммани жипслашишга чақирди.
Футболчининг ўзи Twitterдаги аккаунтини ёпиб қўйди.
Москванинг "Локомотив" клуби матбуот хизмати Виталий Денисов бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаслигини маълум қилди.