ТОШКЕНТ, 29 окт – Sputnik. "Ўзстандарт" агентлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бекор қилиниши кўзда тутилган стандартлаштириш бўйича ҳужжатлар рўйхатининг лойиҳасини тайёрлади, деб хабар беради "Uzbekistan Today". Агентлик манфаатдор шахсларнинг таклиф ва истакларини қабул қилишга тайёр.
Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Хабарга кўра, агентлик томонидан таҳлил ўтказилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бекор қилиниши кўзда тутилган стандартлаштириш бўйича 1353та ҳужжат рўйхати лойиҳасини тайёрлаган.
Мазкур ҳужжатлар рўйхати билан агентлик расмий сайтида танишиш мумкин, дейилади хабарда.