ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. S7 Airlines авиакомпаниясининг Новосибирскдан Фарғонага учаётган самолёти Олма-Отада фавқулодда қўнишга мажбур бўлди, деб хабар бермоқда РИА Новости Tengrinews.kz. агентлигига таяниб.
Аэропорт маълумотхонасидан Sputnik Ўзбекистонга маълум қилишларича, самолётнинг қўнишига (Москва вақти билан 09.54да) йўловчилардан бирининг ўзини ёмон ҳис қилиши сабаб бўлган.
"S7 Airlines авиакомпаниясининг Boeing 767-33A самолёти Новосибирскдан соат 11.30 (Москва вақти билан 07.30)да ҳавога кўтарилган ва соат 12.40 (10.40 — мск)да Фарғонага қўниши лозим эди, лекин йўналиш ўзгарган. Самолёт Олма-Отада қўнди", — дейилади хабарда.
Ҳозиргина олинган хабарга кўра, самолёт Москва вақти билан соат 11.48да Олма-Ота аэропортидан Фарғонага учиб кетган.
S7 — Россиянинг йирик авиахолдинги бўлиб, унинг таркибига "Сибирь" ва "Глобус" авиакомпаниялари киради.
Эслатиб ўтамиз, бугун тунда Москвадан Наманганга парвоз қилган самолёт Қозон шаҳрида қўнишга мажбур бўлганди.