Ўзбекистоннинг 2017 йилги Давлат бюджети қабул қилинди

Олий Мажлис
Олий Мажлис - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Бюджет иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш ҳисобидан юқори иқтисодий суръатларни таъминлаш вазифасини назарда тутади

ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Бюджетномаси – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар, дейилади Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабарида.

Хабарда билдирилишича, келгуси йил солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси солиқ юкини янада камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорини янада оширишни, бюджет маблағларини самарали режалаштиришга, улардан фойдаланишнинг натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

2017 йилги Давлат бюджети лойиҳаси солиқ ва бюджет сиёсатида қабул қилинган асосий йўналишлар ва келгуси йилда кутилаётган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга таянган ҳолда, ялпи ички маҳсулот — 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари — 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш — 6,2 фоизга ва капитал қўйилмалар — 9,6 фоизга ўсиш мўлжалланмоқда.

Келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда.
2017 йилда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида келгуси йилда амал қилиш муддати тугаётган солиқ имтиёзларининг муддатини узайтириш таклиф этилмоқда. 

2017 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини сақлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш харажатларининг ҳажми жорий йилга нисбатан 16,7 фоизга оширилганлиги, бунда республиканинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва туризм салоҳиятини эҳтиётлаб сақлашни таъминлаш, шунингдек, янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида, мамлакатимиздаги маданий ва археология мероси объектларида консервациялаш ва реставрация қилиш ишларини ўтказиш бўйича дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 25,8 млрд. сўм, яъни жорий йилга нисбатан 1,17 марта кўп маблағ ажратиш таклиф этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қатор масалалар кўрилди

Келгуси йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи тўловлари, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини инфляция даражасидан юқори миқдорларда оширилишининг изчил давом эттирилиши аҳоли турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилади. Ундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқув юкламаларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифлар, таълим муассасаларида педагогик иш юкламасининг камайиши ҳисобига амалга оширилаётганлиги ўқитиш жараёни самарасини таъминлаш билан бирга ўқитувчиларнинг иш вақтидан оқилона фойдаланишига имкон яратади.

Давлат бюджетининг умумий харажатларида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган харажатлар 2000 йилда 42,5 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда кутилаётган 59,5 фоиздан, 2017 йилда 59,7 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ва болали оилаларга бериладиган нафақалар учун ажратилган харажатлар 2017 йилда қарийб 2,6 трлн.сўмдан ортиқ миқдорда, яъни 2008 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Давлат бюджетининг даромадлари (Давлат мақсадли жамғармаларисиз) 2017 йилда 44,5 трлн. сўм миқдорида, Давлатнинг мақсадли жамғармалари даромадлари 25,6 трлн. сўм миқдорида мўлжалланган.

2017 йилги Давлат бюджети харажатлари 46,9 трлн. сўм миқдорида, Давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари 25,6 трлн. сўм миқдорида мўлжалланган.
Давлат бюджети параметрларида (Давлат мақсадли жамғармаларисиз) режалаштирилган харажатлар кутилаётган даромадлардан 2,5 трлн. сўмга кўп, яъни тақчиллик ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,0 фоизни ташкил этади.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Янгиликлар лентаси
0