ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik. Эндиликда ота-оналар фарзандларининг болалар боғчасидаги тарбияланиши учун тўловни мобил телефонлари орқали “online” пластик карточкаларидаги маблағлари ёрдамида тўлаши мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Молия вазирлиги маълум қилди.
Хабарда билдирилишича, бунинг учун мактабгача таълим муассасаси ҳисобчиси ҳар бир тарбияланувчини UzASBO дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтказиши лозим бўлади. Бу ота-оналарнинг вақтларини тежаш билан бирга ҳар бир тарбияланувчи учун тўланган маблағ ёки қарздорлик бўйича ҳисоб юритишга имкон беради.
Мазкур хизмат ҳисобчиларнинг меҳнатини ҳам енгиллаштириши айтилмоқда. Амалга оширилган тўлов UzASBO мажмуасида онлайн тартибида акс этади, бу эса ҳисобчига тўлов қайси тарбияланувчи учун қачон ва қанча миқдорда амалга оширилганини кўрсатади. Ўз навбатида, тўлов амалга оширилаётган вақтда юз бериши мумкин бўлган хатолар ва ортиқча қоғозбозликнинг олди олинади.
Таъкидланишича, бу Молия вазирлиги томонидан жорий йилда таклиф этилаётган биринчи хизмат эмас. Бюджет ташкилотлари ходимларининг UzASBO дастуридан Telegram мессенжери ва қисқа хабарлар юбориш тизими орқали иш ҳақларига оид маълумотларни олишига имконият яратилганди.