ТОШКЕНТ, 26 окт – Sputnik. Жаҳон банки томонидан эълон қилинган 25 октябрда эълон қилинган "Бизнес юритиш 2017: сифатни ва бошқарув самарасини баҳолаш" деб номланган докладига кўра, Ўзбекистон 190 давлат орасида 87-ўринни эгаллади, деб хабар беради "Жаҳон" ахборот агентлиги.
Корхонани рўйхатга олишда интернет орқали соддалаштирилган усул ва "ягона ойна" тизими йўлга қўйилганлиги самараси ўлароқ, корхонани рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 17 поғона юқорига кўтарилди ва 25-ўринни эгаллади.
Бизнес юритиш жараёнлари тубдан ислоҳ қилингани боис бугунги кунда янги бизнесни ташкил этиш учун Ўзбекистонда Швейцариядагига нисбатан 1,8 баравар, Германиядагига нисбатан – 1,9 баравар, Япония ва Россияга нисбатан – 2 баравар, Исроилдагидан – 2,2 баравар, Греция ва Испаниядагига нисбатан – 2,3 баравар, Ҳиндистон – 4,7 баравар, Хитой – 5,5 баравар ва Бразилиядагига нисбатан – 14,5 баравар камроқ вақт сарфланади.
Корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича кенг миқёсли ислоҳотлар ўтказилиши, хусусий акциядорларнинг роли ва ҳуқуқларининг оширилиши Ўзбекистоннинг "Миноритар инвесторлар ҳимояси" рейтингида 18 поғона юқорилаб, 70-ўринни олишига сабаб бўлди.
Ер участкалари ажратиш, қурилиш учун рухсат бериш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Жаҳон банки рейтингида 2015-2016 йилда ер бошқаруви сифатини яхшилаш кўрсаткичи бўйича дунёнинг етакчи 17 мамлакати орасидан жой олди.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда солиқ юкламаси 38,1 фоизни ташкил этди, бу АҚШ, Германия, Франция, Италия, Австрия, Чехия, Испания, Греция, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва бошқа қатор давлатлардагига нисбатан сезиларли даражада паст дегани.
Натижада Ўзбекистон корхонани рўйхатга олиш (25-ўрин), шартномалар ижросини таъминлаш (38), кредитлаш (44), миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш (70), мулкни рўйхатга олиш (75) ва электр тармоқларига уланиш (83) кўрсаткичлари бўйича дунёдаги етакчи 100 давлат орасидан ўрин эгаллади.
"Бизнес юритиш 2017: сифатни ва бошқарув самарасини баҳолаш" доклади Жаҳон банки томонидан 14-марта эълон қилинмоқда. Унда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги чора-тадбирлар баҳоланади.
Тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш бўйича жаҳон рейтингини Янги Зеландия бошқармоқда. Ундан кейинги ўринларда Сингапур, Дания, Гонконг ва Жанубий Корея жойлашган.