ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. Ўзбек киноси ривожи ҳамда номини дунёга танитишда улкан ҳисса қўшган режиссёр ва актёр Мелис Абзалов билан видолашув 26 октябр куни Швеция пойтахти Стокгольмда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Абзаловнинг ҳамкасби Али Ҳамроев Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.
“Швецияда марҳумнинг қизи ва ўғли, олти невараси ва олти эвараси истиқомат қилади. Улар ўз катта бобоси, бобоси ва отасини унинг энг яқин кишилари яшайдиган жойда ерга топширишга қарор қилдилар”, — деб ёзади Али Ҳамроев.
Эслатиб ўтамиз, режиссёр Мелис Абзалов 25 октябр куни Швецияда вафот этди. У 18 ноябр куни 78 ёшга тўлган бўларди.
Мелис Абзалов “Чинор остидаги дуэл”, “Суюнчи”, “Келинлар қўзғолони”, “Ўтган кунлар” каби машҳур фильмларга режиссёрлик қилган. У шунингдек, бир неча ўнлаб фильмларда рол ижро этган.