ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати бензин нархини, унинг турига қараб 31,6 %дан 34,9 %гача оширди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
22 октябрдан бошлаб АИ-80 русумли бензин нархи 2800 сўм, АИ-91, 92, 93 русумли бензин нархи 3000 сўм, АИ-95 нархи эса 3300 сўм қилиб белгиланди. Олдин АИ-80 2075 сўм, АИ-91, 92, 93 — 2280 сўм ва АИ-95 нархи эса 2505 сўм эди. Янги нархлар Республика ҳудудидаги барча АЁҚШларда амал қилади.
"Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компанияси ўзининг ушбу қарорини фуқароларнинг Шавкат Мирзиёевнинг интернет қабулхонасига бензин танқислии борасида қилган кўплаб мурожаатлари билан изоҳламоқда.
"Ўзбекнефтегаз"расмий сайтида бензин нархлари ошишиган шундай изоҳ берилган:
"Сўнгги вақтда мамлакaтимиз аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал почтаси орқали, шунингдек компаниямиз, Республикамизнинг раҳбар, назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари номига келиб тушган мурожаатларида автобензин таъминотида бўлаётган узилишлар, шу жумладан баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШларда) автобензиннинг устама нарх билан сотилаётганлиги, автобензин олиш учун узундан-узоқ навбатда туришга тўғри келаётганлиги, Тошкент шаҳридаги аксарият АЁҚШларда Аи-80 русумли автобензиннинг 2075 сўмлик нархда, вилоятларда эса асосан тижорат нархида, яъни 3000 сўмлик нархда сотилаётганлиги, автобензиннинг айрим нопок кимсалар томонидан Тошкент шаҳридаги АЁҚШлардан турли йўллар билан олиб бориб бошқа вилоятлар аҳолисига уч минг сўмдан беш минг сўмгача бўлган чайқов нархида сотилаётганлиги ҳақидаги ўринли эътирозларини инобатга олиб ҳамда бундан буён мазкур қонунга ҳилоф ҳолатларга узил-кесил барҳам бериш мақсадида 2016 йил 23 октябрдан барча турдаги автобензин чакана нархлари Республика бўйича бир хил этиб белгиланди. Жумладан:
- Аи-80 русумли автобензиннинг 1 литри — 2 800 сўм;
- Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 русумли автобензинларнинг 1 литри — 3 000 сўм;
- Аи-95 русумли автобензиннинг 1 литри — 3 300 сўм.
Бундан буён бутун Ўзбекистон бўйлиб бензин бир хил нархда сотилади. "Ўзбекнефтегаз" компанияси фуқароларга мурожаат қилиб, бирор АЁҚШда бензин ушбу нархдан қиммат сотиш ҳолатлари кузатилганда "Ўзбекнефтегаз" компаниясига ёки ҳуқуқни сақлаш органларига хабар беришни сўраган.