ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати 23 октябрдан бошлаб бензин нархини 31 — 35 % га оширгани ҳақида хабар берган эдик. Sputnik мухбири соҳа экспертларидан бири билан мулоқотда бўлди.
Мутахассис айтишига қараганда ҳукуматнинг бундай қарор қабул қилишига нархлар кескин ўсиши деб эмас, бензин танқислиги муаммосини ҳал қилиш томонига қўйилган қадам деб қараш керак.
"Ҳозир кўпчиллик бензин нархи ўсгани ҳақида гапираяпти. Лекин бу ерда асосийси нарх ошиши эмас, бензин нархини Тошкентда ва бошқа вилоятларда бир хил қилиш. Ахир узоқ вақт давомида Тошкентда, бензин давлат томонидан дотация қилиб ўз таннархидан арзон сотилаётган эди. Бу ҳолат турли олиб-сотар учун бензинни 2075 сўмдан сотиб олиб вилоятларда 3-5 мингдан сотиши учун имконият яратар эди. Натажада Тошкентда бензин тақчил, вилоятларда эса — қиммат эди" — дейди эксперт.
Ушбу қарорнинг асосийс мақсади, республика ҳудудидаги барча АЁҚШларда бензин нархини тенглаштириш. Олдин вилоятларда тижорат нархда бензин сотаётган АЁҚШлар ҳам фаолият юритаётган эди. Улар бензин нархини жуда қиммат сотиш ҳоллари ҳам учраб турарди.
Тошкентда сотилаётган арзон бензин бўлмаганидан кейин, тижорат нархда сотилаётган бензиннинг — нархи тушади.
"Бозордан арзон нархда сотилаётган бензиннинг йўқ қилиниши олиб-сотарлар фаолиятига чек қўяди ва биринчи навбатда вилоятларда бензин тижорат нархини туширади. Бундай тизим, албатта, доимий равишда барча ҳудудлар етарли миқдорда бензин билан таъминланган ҳолда яхши натижа беради. Иккинчидан ушбу чора давлат бюджетидан Тошкентдаги арзон бензинни дотация қилиш учун тўланаётган улкан харажатларни камайтиради. Ушбу маблағ бундан буён йўлларни таъмирлашга ишлатилиши мумкин",- деб ҳисоблайди эксперт.
Энди нима бўлади?
Мутахассиснинг фикрига кўра бензин нархи ошиши туфайли ҳали газ ўрнатмаган такси автомобиллари ёппасига газ ўрнатишга ўтиши ҳам мумкин. Янги газ-баллон тизими нархи 1,8 млн сўм туради. Иккинчидан, такси хизматлари бозорини арзон ва ноқонуний таксичилар тарк эта бошлайди. Натижада харидорлар учун такси хизматлари нархи бироз ошади.
Транспорт харажатлари нархи ошиши туфайли алоҳида маҳсулот ва хизматлар нархи ҳам ошиши мумкин. Турли соҳаларда ишлаётган кичик корхоналар ўз автомобилларини газга ўтказмаганлиги сабаби билан.