ТОШКЕНТ, 20 окт – Sputnik. 23-26 октябр кунлари ICC Ukraine бош котиби Владимир Михайлов раҳбарлигидаги қатор Украина саноат корхоналари вакилларидан иборат делегация ишчи ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда nuz.uz хабар берди.
Делегация раҳбари Владимир Михайловнинг айтишича, мазкур ташриф ICC Ukraine раҳбариятининг Ўзбекистоннинг Украинадаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алишер Абдуалиев билан бўлиб ўтган учрашуви натижаси бўлиб, учрашувда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва инвестицион жозибадорлиги кенг шаклда намойиш этилганди.
Ташриф давомида Украина ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтказиш ҳамда ICC Ukraine ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик ҳақида келишув тузиш режалаштирилган.
Икки давлат вакиллари савдо-иқтисодий муносабатларини ривожлантириш механизмлари ва усулларини муҳокама қиладилар, иқтисодиётнинг муҳим соҳалари – қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш, нефт-газ, энергетика, IT ва телекоммуникациялар, тиббий туризм, транспорт ва логистика, машинасозлик, авиасозлик, кимё, қурилиш, тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш мавзуси муҳим ўрин тутади.
Украина делегацияси Ўзбекистон саноатининг турли соҳаларида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш, "Ангрен", "Жиззах" ва "Навоий" эркин-иқтисодий зоналарида лойиҳаларни амалга оширишда Украина ва Ўзбекистон компаниялари ҳамкорлигини ташкил этишни мақсад қилган.