ИҲТ ТИВК: "соатларни тўғрилаш" ва янги кредитлар

Oбуна бўлиш
Яқин икки йил давомида ИТБ Ўзбекистонда 21 лойиҳага умумий миқдори 1,4 миллиард доллар сармоя киритишига келишиб олинди

ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik, Антон Курилкин. Ўзбекистон пойтахтида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси ўз ниҳоясига етди. Икки кун давом этган сессия доирасида ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашувлар ўтказилди, Ўзбекистон иқтисодиётига киритиладиган 1,4 миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар бўйича 21 келишув имзоланди ва бир нечта муҳим баёнотлар берилди.

Саммитнинг биринчи куни учрашувларга бой бўлди — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркия, Индонезия, Иордания, Кувайт, Қирғизистон, Кот д'Ивуар, Фаластин давлатларининг ташқи ишлар вазирлари ва ИҲТ бош котиби билан учрашди.

Олий иқтисодиёт мактаби илмий тадқиқот университетининг сиёсий фанлар департаменти вакили Григорий Лукьяновнинг айтишича, бундай тиғиз учрашувлар ана шундай миқёсдаги тадбирлар учун оддий ҳолдир.

"Бу қабул қилувчи томоннинг мажбурияти — имкон борича кўплаб иштирокчилар билан учрашиш ва музокаралар ўтказиш учун имкониятдан унумли фойдаланиш лозим. Бунинг устига, бошқа ҳолатларда музокара олиб бориш имконияти йўқ вакиллар билан учрашиш учун бу қулай фурсат ҳисобланади", — деди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, ИҲТ консультатив тузилма бўлиб, бундай тадбирлардан "соатларни тўғрилаш" учун фойдаланади, зеро мураккаб геосиёсий вазият ва глобал таҳдидлар мавжуд ҳолатда бу жуда муҳим ҳисобланади.

Шариат бўйича кредит

Шунингдек, ИҲТ саммити доирасида Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Хажар республика иқтисодиётига киритиладиган инвестициялар масаласини муҳокама қилишди.

Абдулазиз Камилов - Sputnik Ўзбекистон
Камилов: ИҲТ ТИВК Фаластинни тўлиқ қўллаб-қувватлайди

Учрашув якунида томонлар яқин икки йил давомида ИТБ Ўзбекистонда 21 лойиҳага умумий миқдори 1,4 миллиард доллар сармоя киритишига келишдилар.

QBF аналитиги Роман Кузнецовнинг айтишича, Ислом тараққиёт банкининг инвестициялари бошқа шунга ўхшаш ташкилотлар инвестицияларидан фарқ қилади.

"Ислом тараққиёт банки тараққиётнинг ғайриоддий институти бўлиб, на Европаникига, на Осиёникига ўхшайди. Банк ўз фаолиятида шариат тамойилларига амал қилади. ИТБ банкни эмас, маълум бир соҳа ёки мамлакатни ривожлантирувчи ташкилотни эслатади", — дейди эксперт.

Ислом динида судхўрлик тақиқлангани сабабли ИТБ қарз берувчи эмас, акциядор сифатида фаолият кўрсатади.

"Мазкур банк ссуда фоизи тамойили бўйича ишламайди, ҳамма нарса акциядорлик жамиятига яқин тамойиллар асосига қурилган. Банк фойда ва зарарни ҳамкорларига тенг тақсимлайди. Бундан ташқари, банк юқори таваккалчиликка асосланган ва чайқовчиликка яқин – масалан, валюта савдоси каби йўналишларга пул ажратмайди", — деб қўшиб қўйди Кузнецов.

Банк биринчи навбатда ижтимоий ва таълим лойиҳаларига, шундан кейингина иқтисодиётга сармоя ажратади.

Янгиликлар лентаси
0