ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Тошкент шаҳрида ажрашаётган эр-хотинларнинг фамилиялари "Вечерний Ташкент" ва "Тошкент оқшоми" газеталарида эълон қилинади, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон нашрига маҳаллий ОАВ вакили.
"Ҳа, шундай хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, ажрашмоқчи бўлган эр-хотинларнинг фамилиялари "Тошкент" телеканали орқали эълон қилиниб, фотосуратлари ҳам кўрсатилиши айтилмоқда", — дея қўшимча қилди у.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳрида шаҳар ҳокимияти томонидан оилавий ажримлар масаласига бағишланган катта йиғилиш ўтказилган.
"Ажрашаётган эр-хотинларнинг исм-фамилияларини ҳозирча ҳар 15 кунда соат 23:00да эфирга узатиладиган дастурда, ўзгариш бўлмаса, соат 21:00да эълон қиламиз. Агар яққол натижа сезилмаса, ажрашаётган оила аъзоларининг суратини эфирга узатамиз. Бу билан биз ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамаймиз, аксинча, очиқ маълумотларни оммага тақдим этамиз”, деб айтган Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов.
Сўнгги маълумотларга мувофиқ, Тошкент Республика бўйича ажримлар бўйича биринчи ўринни эгаллаган.
Айтиш жоизки, бу хабар Ўзбекистон фуқароларини қаттиқ ҳайратга солмоқда.
Кимдир, "яхши бўларди, ажримлар сони камаярди", деса, яна кимдир "ажрашиш эр-хотиннинг хоҳиши, биз демократик давлатда яшаяпмиз", дея эътироз билдирган. Фикр билдирганлар орасида "Ҳоким бобо агар кредит ваъда қилса, ажрашаётган эр-хотинлар ўз қароридан қайтар", деб таъкидлаганлар ҳам бор.