ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Собиқ СССР президенти Михаил Горбачев, АҚШ собиқ президенти катта Жорж Буш ва собиқ давлат котиби Жеймс Бейкер телефон орқали мулоқот ўтказишди. Улар Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш устида бош қотиришмоқда, деб хабар берди РИА Новости "Горбачев-фонд" матбуот хизматига таяниб.
Матбуот хизматининг билдиришича, собиқ давлат котиби Бейкер "Россия ва АҚШ орасидаги ҳозирги муносабатлар улкан хавотир уйғотаётганлигини" билдирган.
"Биз яна суҳбатлашиб турганимиздан хурсандман. Бизнинг одамларга айтадиган сўзларимиз етарли. Совуқ урушни, қуролланиш пойгасини тўхтатиш бизнинг тажрибамиздан ўтган. Биз ҳеч қачон мулоқотни тўхтатмаганмиз ва бу ҳозирги сиёсатчиларга намуна бўлиши лозим", — деган Горбачев.
"Энг оғир вазиятларда ҳам муросага келиш мумкин. Ҳозир ҳам томонлар манфаатини ҳисобга оладиган муроса йўлини топиш керак. Ва ҳеч ким ўзини ғолиб деб эълон қилмаслиги лозим. Мана шу боши берк кўчадан чиқиб олсак, бу умумий ғалабамиз бўлади", — дея таъкидлаган собиқ совет раҳбари.
Матбуот хизматининг билдиришича, "суҳбатдошлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ва ўзаро ҳамкорликни қайта тиклашга уриниш ҳақида келишиб олишган. Улар бунинг учун нима қилиш лозимлиги ҳақида ўйлашмоқда", — дейилади матбуот хизмати хабарида.