ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Тошкентда ўтказилган 19 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги биринчи Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси кубогида Ўзбекистон U-19 қизлар терма жамоаси мусобақа ғолибига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси сайтида маълум қилинган.
15-17 октябр кунлари бўлиб ўтган мазкур турнирда 4 жамоа: Тожикистон, Эрон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон жамоалари қатнашди.
Таъкидлаш керакки, ўзбекистонлик қизлар турнир давомида барча учрашувларда йирик ҳисобдаги ғалабаларни қайд этди. Дастлабки учрашувда улар Тожикистон жамоаси устидан 8:1 ҳисобида устунликка эришишган бўлса, кейинги ўйинда қирғизистонлик қизларни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди.
Турнирнинг сўнгги учрашувида Ўзбекистон эронлик қизларга қарши майдонга тушди. Ушбу ўйин Баҳром Норсафаров бошқариб бораётган Ўзбекистон U-19 терма жамоасининг 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якун топди.
Шу тариқа 19 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги биринчи Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси кубогининг илк ғолиби Ўзбекистон бўлди.