ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Жорий йилнинг 16-22 октябр кунлари пойтахтимизда Амир Темурнинг 680 йиллигига бағишлаб шахмат бўйича жаҳон юлдузларининг халқаро турнири бўлиб ўтади, деб хабар беради uz24.uz.
Шу муносабат билан Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мазкур турнир олдидан матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Ўзбекистонда аҳоли ўртасида спортнинг шахмат тури жадал ривожланаётгани ва бунинг самарасида иқтидорли ёш шахматчилар камол топиб нуфузли мусобақаларда мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани алоҳида таъкидланди.
Соврин жамғармаси 50 минг АҚШ доллари бўлган нуфузли турнирда ўзбек шахматчиси, 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов, исроиллик Борис Гельфанд, озарбайжонлик Шахриёр Мамедяров ва украиналик Руслан Пономарев тезкор шахмат бўйича ўзаро дона суришади.
18 октябр куни Тошкентдаги Meram меҳмонхонасида соат 14:00да Амир Темурнинг 680 йиллигига бағишлаб шахмат бўйича жаҳон юлдузларининг халқаро турнирининг очилиш маросими бўлиб ўтади.