ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. 1 октябр куни самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев Бош вазирнинг Виртуал қабулхонасига иккита таклиф билан мурожаат йўллаганди, деб хабар беради nuz.uz. мурожаат муаллифининг айтишича, биринчи мурожаатга Самарқанд шаҳар ҳокимияти зудлик билан жавоб қайтарган ва муаммо 10 кун ичида ҳал этилган. Иккинчи мурожаат бўйича ҳозирча жавоб олмаган.
Биринчи мактубда самарқандликларнинг турли ташкилотларга саноқсиз мурожаатларига қарамасдан олти йилдан буён ҳал бўлмаётган муаммоси тилга олинганди. Гап Сўзангарон кўчаси бошланишида қурилган девор ҳақида бормоқда. У Регистондан Эски шаҳарга олиб борадиган кўчаларни ҳамда Самарқанд туманидаги яқин-атрофдаги қишлоқларни боғлайдиган йўлни тўсиб қўйганди.
Самарқанд атрофида бетон йўл очилгунига қадар Тошкентдан Китоб ва Шаҳрисабзга, ундан Термизга борадиган барча транспорт айнан Сўзангарон кўчаси орқали ўтарди. Бошқача қилиб айтганда, ушбу кўча орқали Буюк Ипак Йўлининг бир қисми ўтганди. Лекин бир неча йил илгари шаҳарнинг муҳим қон томири тўсиб қўйилди.
Самарқанднинг эски шаҳар қисмида эканлиги, кўчаларнинг жуда торлиги ва иншоотлар зич жойлашгани боис кенгайтиришнинг имкони йўқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу кўчанинг автомобил ҳаракати учун ёпиб қўйилиши шаҳардаги вазиятни янада қийинлаштирди ва аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётганди.
11 октябр куни Регистон майдони яқинидаги маҳалла вакиллари билан учрашган шаҳар ҳокими Акбар Шукуров Сўзангарон кўчасини тўсиб турган девор олиб ташланишини маълум қилди. "Мен ушбу қарор ҳақида маълум қилиш учун ўринбосарларимдан бирини жўнатишим ҳам мумкин эди, лекин Шавкат Миромонович Виртуал қабулхонага келиб тушган ҳар бир мурожаат ва таклиф билан шахсан раҳбарларнинг ўзи шуғулланишини таъкидлаган", — деди шаҳар ҳокими.
У шу заҳоти биринчи ўринбосари Ўткир Абдуллаевга шаҳар архитектура ва ободонлаштириш бўлимлари раҳбарлари билан биргаликда йўлга асфалт ётқизиш ва суғориш тизимини тартибга келтириш масаласини ҳал қилишни буюрди. Шаҳар ҳокими уйлари йўл ёқасида жойлашган фуқароларни биноларнинг олд қисмини ободонлаштиришга чақирди. Шундай қилиб, олти йилдан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммо 10 кунда ўз ечимини топди.
Муаллиф Бош вазирга яна бир таклиф билан мурожаат қилган. У шаҳар ва туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимларида махсус жамоатчилик кенгашларини тузишни таклиф этмоқда. Кенгаш таркибига ЙҲХБ мутахассислари, архитектура, ободонлаштириш, йўл қурилиши бўлимлари, жамоатчилик вакиллари киритилади.
Кенгаш ҳар уч ойда йиғилиб, кўчаларнинг ҳолатини ўрганади ва қаерга светофор ўрнатиш, қаерда эскириб қолган йўл белгисини алмаштириш,қайси кўчани таъмирлаш кераклиги борасида тавсия беради.
Муаллиф ҳозирча ушбу таклифга жавоб олмаган.