ТОШКЕНТ. 18 окт – Sputnik. Покистоннинг Исломобод шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги маълум қилмоқда. Тадбир Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси томонидан Покистон тинчлик ва дипломатия институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда Покистон Миллий Ассамблеяси депутатлари, вазирлик ва муассасалар, ижтимоий-сиёсий ва экспертлар гуруҳлари, ушбу мамлакатда аккредитация қилинган дипломатик корпуслар вакиллари иштирок этдилар.
Конференция Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақлаш билан бошланди. Конференция давомида Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди ҳамда Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари ҳақида видеофильм намойиш қилинди.
Покистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси сифатида фаолият кўрсатган Воҳид ул Ҳасан ўз чиқишида ўзбек халқи нафақат Президенти, балки ўзбек миллатининг асосчи-отаси, Покистон эса ишончли дўстидан жудо бўлганлигини таъкидлади.
У Тошкентда фаолият олиб борган йилларини, шунингдек Ислом Каримов билан учрашувини илиқ таассурот билан ёдга олди. Ўзбекистонда ишлаш давомида у Ислом Каримовнинг шахсий ташаббуслари асосида ишлаб чиқилган ва мамлакатда амалга оширилган кенг миқёсдаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга шахсан гувоҳ бўлганлигини қайд этди.
В.Ҳасаннинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг бутун жаҳон томонидан тан олинган иқтисодий ва сиёсий ютуқлари ўзбек тараққиёт моделининг нақадар тўғри ва самарали эканлигининг ёрқин исботидир.
У Исломобод Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратишини ва Тошкентни минтақадаги ишончли шерик сифатида кўришини ҳамда ўзаро манфаатга эга бўлган кенг миқёсдаги масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик давом этишини билдирди.
Воҳид ул Ҳасан сўзи якунида Покистон ҳукумати номидан Биринчи Президентнинг оиласига, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига яна бир бор таъзия изҳор этди.
Конференцияда сўзга чиққан Покистон Миллий Ассамблеяси депутати Ғус Бахш Моҳир ўз навбатида Покистон ва Ўзбекистонни икки томонлама ҳамкорлик ва савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга асос бўлувчи чуқур тарихий ва маданий илдизлар боғлаб туришини таъкидлади.
Ғ.Моҳир Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти фаолиятига, айниқса минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мамлакат иқтисодий салоҳиятининг мустаҳкамланиши учун амалга оширган ишларига юқори баҳо берди. Унинг фикрича, Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилган самарали ички ва ташқи сиёсат Ўзбекистонни жаҳоннинг жадал ривожланаётган мамлакатлари қаторига олиб чиқди. Депутат Ўзбекистонга ҳар сафар ташриф буюрганида улкан ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга гувоҳ бўлишини билдирди. "Ислом Каримовнинг Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши, тинчликнинг мустаҳкамланиши ва тараққиётга эришишидаги бебаҳо ҳиссаси барчанинг қалбида абадий сақланиб қолади. Унинг ўз халқи фаровонлигини юксалтириш учун қилган мунтазам саъй-ҳаракатлари чуқур ҳурматга лойиқ", — дея таъкидлади у.