ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Пекинда Хитой ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik Қирғизистон.
Учрашувда мамлакатлар орасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди, хусусан томонлар “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” йўналишида темирйўл қуриш лойиҳасини муҳокама қилишди.
Шунингдек, Хитойда мавжуд бўлган ортиқча ишлаб чиқариш қувватини Қирғизистон ҳудудига кўчириш ва хитойлик қурувчиларнинг Бишкек шаҳар кўчаларини ривожлантириш лойиҳаларида қатнашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Қирғизистон делегациясини Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Динара Кемелова, Хитой делгациясига эса – Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ли Хуэйлай бошчилик қилди.
Учрашувнинг асосий мақсади — Хитойда таълим олаётган Қирғизистонлик талабаларга виза бериш масаласи бўлди. Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Бишкекдаги Хитой элчихонаси ёнида кучли портлаш юз берган ва элчихона биноси зарар кўрган эди. Шундан кейин ХХР элчихонаси виза бериш жараёнини вақтинча тўхтатиб қўйиган эди.