ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Шаҳар куни арафасида Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат марказидаги "Эсперанто" халқаро дўстлик тўгараги фаоллари "Самарқанд ҳақида сўз" деб номланган халқаро мактублар кунини ташкил этдилар, деб хабар беради "Самарқандиёна" энциклопедик лойиҳаси матбуот маркази.
Эсперанточилар ушбу тадбирга Самарқанд уларнинг ҳаётида у ёки бу тарзда из қолдирган барчани таклиф этишди ва шаҳарга ўз тилакларини изҳор этишларини сўрадилар.
"Бунга анча бўлган бўлса-да, Ўзбекистонга ва Самарқандга келганимда ҳайратда қолганлигимни ҳозиргача кечагидек эслайман. Шаҳар ҳақида гид менга кўп нарсаларни ҳикоя қилиб берганди. Грузияга қайтганимдан сўнг Самарқанд ҳақидаги кўплаб китобларни ўқиб чиқдим. "Самарқандга қасида" шеърини грузин тилига ўгириш имкониятини қўлга киритганимда эса ўзимни яна бир марта бахтли ҳис қилдим", — деб ёзган Грузиянинг Рустави шаҳридан Галина Дугашвили.
Акция қатнашчилари шаҳар ҳақида ҳикоялар, шеърлар, қўшиқлар ва ўз таассуротларини йўллашган.
"Мен Самарқандга узоқ 1975 йилда Чехияда социализм ҳукм сурган даврда келганман, — деб эслайди Либа Габальда. — Ҳар сафар мен бу гўзал суратни – Регистон майдонидаги мовий мадрасани кўрганимда хаёлимда ўша саёҳатим жонланади".
Шаҳар ва шаҳарликларни қутлаб битилган мактублар шунингдек Буюк Британия, Россия, Хитой, Бангладеш, Франция, Испания, Тайван ва бошқа кўплаб мамлакатлардан келди.