ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Афғонистон вице-президенти генерал Абдул Рашид Дўстум "Толибон" жангарилари томонидан ярадор қилинди, деб хабар қилмоқда РИА Новости Khaama Pressга асосланиб.
Дўстум мамлакат шимоли ғарбидаги Фарёб вилоятида ўтган ҳафтада толиблар босиб олган Ғормач туманига кетаётган пайтда пистирмага дуч келган. Афғонистон бош вазири Абдулла Абдулла вице-президент енгил ярадор бўлганлигини, унинг саломатлиги хавф остида эмаслигини тасдиқлаган.
Туркиянинг Anadolu агентлиги хабар қилишича, ҳужум чоғида 15 нафар афғон ҳарбийлари ҳалок бўлган ва 20 нафари жароҳатланган.
Илгарироқ жангарилар қақшатқич жанглардан сўнг Ғормач туманини босиб олишгани хабар қилинганди.
TOLO News телеканалининг маълум қилишича, душанба куни толиблар Фарёб вилоятининг маъмурий маркази маймана шаҳрига ҳужум бошлашган.
Афғонистондаги вазият сўнгги ойларда кескин ёмонлашган. Аввалига мамлакатнинг чет қишлоқларида бўй чўзган радикал "Толибон" жангарилари эндиликда йирик шаҳарларга ҳужумга ўтмоқда. Шунингдек, кейинги вақтларда мамлакат ҳудудида "Ислом давлати" таъсири ҳам кескин ортган.